Комилов афғон инқирози ва Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан сиёсати ҳақида гапирди
Интервью
−
27 Август 2020
6970Афғонистонда 40 йилдан ортиқ давом этиб келаётган уруш алангасига ўтган икки йилда бироз сув сепилгандек бўлди. Расмий Қобул “Толибон” билан бир неча сулҳларга эришди. Аммо, мамлакатдаги беқарор вазият тўлиқ ўнгланди дейиш қийин. Афғонистондаги тинчлик сулҳи, ўзаро муросада эса расмий Тошкентнинг ўрни катта. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг фикрича, Ўзбекистон Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги бошқа инқирозли вазиятлар фонида қолиб кетган Афғонистон муаммосини яна кун тартибига олиб чиққан. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи дипломатияси раҳбари “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг қайд этишича, Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистонни Марказий Осиё минтақасининг бир қисми ҳисоблайди.
“Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари асрлар давомида ягона маданий-сивилизацион маконда яшаб келган. Афғонистон ҳудудида Беруний, Навоий, Бобур каби кўплаб мутафаккир олимларимиз яшаган ва ўзидан улкан мерос қолдирган”, дейди вазир.
Комилов бугунги кунда икки мамлакат ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар ривожланиб бораётганини қайд этиб, Афғонистон хавфсизлигини Ўзбекистон хавфсизлиги, бутун минтақанинг барқарорлиги ва фаровонлиги кафолати деб қабул қилинаётганини урғулаган.
Абдулазиз Комилов сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг муҳим йўналишларида қандай ишлар амалга оширилганига тўхталаркан, бунда Афғонистон масаласига алоҳида эътибор қаратади. Унга кўра, Ўзбекистон Афғонистонда нафақат тинчликни тиклаш, балки иқтисодий ўсишга ҳам туртки бўлмоқда.
“Ўзбекистон томонлар ўртасидаги мулоқотга кўмаклашиб, Афғонистондаги тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш ва илгари суришда фаол иштирок этмоқда, шунингдек, Афғонистон иқтисодиётини тиклаш ва ушбу мамлакатни минтақавий ҳамда халқаро савдо-иқтисодий муносабатларга жалб қилишга ёрдам берадиган муҳим иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан сиёсати Марказий Осиёда барқарор ривожланиш истиқболлари қўшни Афғонистонда тинчликка эришиш билан чамбарчас боғлиқлигини англашга асосланади”.
Абдулазиз Комиловга кўра, ўтган 10 йилликда Афғонистон муаммоси боши бер кўчага кириб қолган. Сиёсатдон унинг яна кун тартибига чиқишида, Ўзбекистон ва Президент Мирзиёевнинг ҳиссасини алоҳида эътироф этади.
“Таъкидлаш жоиз, Афғонистондаги тинчлик жараёни узоқ вақт давомида боши берк кўчада қолиб кетди. Бундан ҳам ачинарлиси шундаки, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги бошқа инқирозли вазиятлар фонида Афғонистондаги уруш жаҳон ҳамжамияти эътиборидан бутунлай четда қолди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан дунё миқёсидаги ушбу ўткир муаммони халқаро ҳамжамият кун тартибига қайта киритишга эришилди”, дейди вазир.
Ўзбекистон Афғонистон муаммосини ҳал этишдаги илдам қадамни 2018 йилнинг март ойида ташлади. Бу навбатдаги тадбирбозлик эмас, балки расмий Қобул ва “Толибон” ўртасида тузилажак сулҳнинг дебочаси бўлди, дейиш мумкин. 2018 йил 26-27 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтган конференцияда Афғонистон Президенти Ашраф Ғани, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо давлатлар вакиллари иштирок этди. Комилов ушбу конференциянинг Афғонистонда тинчлик ўрнатишдаги аҳамияти ҳақида шундай дейди:
“Афғонистондаги можарони ҳал қилишга кўмаклашиш, қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик алоқаларини йўлга қўйиш Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақавий хавфсизликни таъминлаш масаласи ва афғон муаммосини ҳал этишдаги стратегик қарашларига, шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакат ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларини аниқ белгилаб олинганига асосланади.
Амалий жиҳатдан Тошкент форуми бошланиши арафасида Президентимизнинг АҚШ, Россия, Хитой раҳбарлари, минтақа мамлакатлари – Ҳиндистон, Покистон, Эрон ҳамда Марказий Осиё давлатлари ва табиийки, Афғонистон етакчилари билан муҳим шахсий учрашувлари ва маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди.
Тошкент конференциясининг асосий натижаси ва муваффақияти афғон инқирозини ҳал қилиш масаласида умумий халқаро ёндашувни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга эришилганидадир. Буларнинг барчаси афғон мулоқотига алоқадор давлатларнинг мутлақ кўпчилиги томонидан тан олинган Тошкент декларациясида ўз аксини топди.
Тошкент конференцияси ва умуман Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан сиёсати афғон можаросини ҳал қилиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларнинг фаоллашишига, тинчлик жараёнини илгари суришга қаратилган минтақавий савдо-иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларга ушбу мамлакатни жалб қилишга олиб келди.
Шу кунларда Афғонистон қатор давлатлар, шу жумладан Ўзбекистоннинг фаол кўмагида Қатар пойтахти Доҳада кенг қамровли афғонлараро музокараларни бошлашга тайёргарлик кўрмоқда. Қирқ йиллик энг шафқатсиз ва ҳалокатли урушдан кейин биринчи марта афғон халқи ўз мамлакатининг тинч келажагига ҳақиқатан умид қилмоқда”.
LiveБарчаси