Абдулазиз Комилов Хорватияга борди
Жамият
−
29 Октябрь 2024 5471 1 дақиқа
Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация шу йилнинг 22-24 октябрь кунлари ташриф билан Хорватияда бўлди. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.
Билдирилишича, ташриф чоғида Ўзбекистон ва Хорватия ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва сиёсий мулоқотни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. Ташрифнинг муҳим воқеаларидан бири Хорватия Бош вазири Андрей Пленкович билан музокаралар бўлган. Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасида турли йўналишлар, жумладан, савдо-иқтисодий, транспорт ва инфратузилма, энергетика, шунингдек, меҳнат миграцияси соҳаларида алоқаларни чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилган.
"Хорватия ҳукумати раҳбари Ўзбекистон Президентининг икки томонлама муносабатларни фаоллаштириш борасидаги ташаббусларини юқори баҳолади ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигини билдирди", дейилади хабарда.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хорватия Бош вазирига 2025 йилда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиш бўйича таклифи етказилди.
Бундан ташқари, ташриф доирасида Хорватия Бош вазири ўринбосари, денгизчилик, транспорт ва инфратузилма вазири Олег Буткович, Хорватия Ташқи ишлар ҳамда Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик вазирликлари раҳбарияти билан ҳам учрашувлар ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, 23 октябрь куни Ўзбекистоннинг элчиси Ойбек Шахавдинов Хорватия Ташқи ва Европа ишлари вазирлиги протокол бошқармаси бошлиғи Мирта Еленц Жупанга ишонч ёрлиқларининг нусхасини топширганди.
Live
Барчаси