Абдулазиз Комиловнинг ўғли яна бир компания эгасига айланди

Жамият

image

Ўзбекистон собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комилов Россиядаги Урал кон-металлургия компаниясининг бенефициар эгаси бўлди. Бу ҳақда компаниянинг 2022 йилги ҳисоботига таяниб, “Forbes” хабар берди. 

Унда айтилишича, Урал кон-металлургия компанияси очиқ акциядорлик жамиятига (УКМК ОАЖ) асли ўзбекистонлик Россия фуқароси, миллиардер Искандар Маҳмудов ва унинг ҳамкорлари томонидан асос солинган.

Искандар Маҳмудов

 

Андрей Бокарев

Дониёр Комилов эса бир вақтнинг ўзида “Кузбассразрезуголь” ва Россиянинг энг йирик шаҳар атрофи темир йўл ташувчиси – “Марказий шаҳар атрофи йўловчилар компанияси” акциядори ҳисобланади. 

“2022 йил 14 мартда Урал кон-металлургия компанияси веб-сайтида қисқача хабар пайдо бўлди. Унда “Урал кон-металлургия компанияси корпоратив тузилмадаги ўзгаришларни эълон қилиб, И.К. Маҳмудов ва А.Р.Бокарев УКМК ОАЖ, “Кузбассразрезуголь” бошқарув компанияси, “Восточний порт” ОАЖ, “Ростерминалуголь” ОАЖнинг назорат қилувчи бенефициарлари рўйхатидан чиқди. Шунингдек, улар ушбу компанияларнинг директорлар кенгашларини ҳам тарк этди. Бир ой ўтгач, Маҳмудов ва Бокарев Буюк Британиянинг санкциялар рўйхатига киритилди”, дея дастлабки маълумотлар билан бўлишган “Forbes”.

Шундан сўнг, бир неча ой ўтгач, 2022 йил июль ойида ҳамкорлардан яна бири Андрей Козицин УКМК бош директори лавозимини тарк этган. Қарор “келажакда хорижий давлатлар томонидан шахсий санкциялар қўлланилиши мумкинлиги муносабати билан” қабул қилинган бўлиб, УКМК гуруҳи компанияларига нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган билвосита санкцияларни бартараф этишга қаратилган. 2022 йил июль ойи охирида Европа Иттифоқи Козицинни санкциялар рўйхатига киритган.

Андрей Козицин

2021 йилгача Маҳмудов, Козицин ва Бокарев УКМКнинг 85% улушига эга бўлган Кипрнинг Selmareco Limited компаниясини назорат қилиб келган. Ўз навбатида УКМК “Кузбассразрезуголь” кўмир компаниясининг 52,7% улушига эга эди.

2022 йил натижаларига кўра, мазкур компания 44 миллион тоннадан ортиқ кўмир қазиб олиб, бу бўйича Россияда 2-ўринга чиқиб олган.

“Маҳмудов, Козицин ва Бокарев бошқа Кипр офшор компаниялари орқали “Кузбассразрезуголь”нинг яна 35% улушларига эга бўлди. Кипрнинг яна бир холдинги Starlion Limited Узоқ Шарқдаги “Восточний порт” ва Болтиқбўйидаги “Ростерминалуголь” кўмир терминалларини назорат қилган. Маҳмудов, Козицин ва Бокаревнинг ушбу бизнесдаги самарали умумий улуши тахминан 77 фоизни ташкил этди”, дея ёзилган мақолада.

2022 йил охирида УКМК билан боғлиқ бўлган асосий активларнинг умумий даромади “Кузбассразрезуголь”, Угол-Транс логистика компанияси, “Ростерминалуголь” ва “Восточний порти” билан бирга деярли 890 миллиард рублни ташкил этди, умумий соф фойда 190 миллиард рублдан ошди.

Маълумот учун, Дониёр Комилов 1972 йилда туғилган, Москва давлат халқаро муносабатлар институти ва Москва давлат университетини тамомлаган. У “Газпромбанк”нинг биринчи вице-президенти сифатида ишлаб, банк ва унинг шўъба корхоналарига тегишли ОМЗ машинасозлик холдинги директорлар кенгашлари аъзоси бўлган. 2018 йилда “Коммерсант” газетаси Дониёр Комиловга алоқадор шахслар Ўзбекистонда йилига 4 миллион тоннага яқин кўмир қазиб чиқарадиган “Ўзбекуголь” акциядорлик жамияти бошқаруви остидаги акцияларни олиши мумкинлигини ёзган эди. 2022 йил февраль ойида Комиловнинг компанияларидан бири Ўзбекистондаги энг йирик спиртли ичимликлар заводини сотиб олди. 2023 йил февралида эса Комиловга тегишли First Premium Alliance корхонаси 277 млрд сўмга “Қўқон биокимё” акциядорлик жамиятини, ундан аввалроқ унинг бошқа компанияси эса Ўзбекистон маданий мерослари рўйхатида турган Тошкент марказидаги собиқ ДХХ биносини сотиб олганди.

Маълумот ўрнида, Дониёр Комиловнинг отаси Ўзбекистон собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов эса 2022 йил 27 апрелдан 16 июнгача – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари, 2022 йил 16 июндан – Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили лавозимига тайинланган. Шунингдек, Абдулазиз Комилов Ўзбекистон СССР Коммунистик партияси раҳбари Шароф Рашидовнинг куёвидир. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Абдулазиз Комилов Искандар Маҳмудов Дониёр Комилов Урал кон-металлургия компанияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг