Комил Алламжоновга суиқасд уюштирилди
3-саҳифа
−
26 Октябрь
34565Ўзбекистон Президенти Администрациясининг собиқ мулозими Комил Алламжоновга суиқасд уюштирилди. Бу ҳақда "Озодлик" хабар берди.
Манбага кўра, бугун, 26 октябрь куни Тошкент вилояти Қибрай туманидаги уйи яқинида Комил Алламжонов қуролли ҳужумга учраган. Икки номаълум шахс у ўтирган машинага бир неча бор ўқ узиб, ҳодиса жойидан яширинган. Хабарда айтилишича, Алламжоновга зарар етмаган.
Яна бир манбанинг айтишича, ҳодиса Алламжонов ўзининг шахсий автомашинасида Қибрай туманидаги уйи яқинидаги поезд йўлидан ўтаётганида содир бўлган.
“Қоронғуда йўл четида машинани кутиб турган мотоциклдаги икки шахс машинага “Макаров” пистолетидан беш марта ўқ узган ва қочиб кетишга муваффақ бўлган. Алламжонов ва ҳайдовчиси зарар кўрмаган, лекин машинада ўқ излари бор. Ҳозир камералар “кўтарилиб”, ҳужум қилганларнинг шахсини аниқлаш бўйича иш олиб бориляпти”, деган у.
Маълумот учун, Алламжонов 1984 йилнинг 18 сентябрь куни Тошкентда туғилган. Илк фаолиятини Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси – “Ёшлар” телерадиоканалининг “Давр” информацион кўрсатувида бошлаган.
Унинг назарга тушиши 2005-2013 йилларда Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати раҳбари лавозимида ишлаган даври билан боғлиқ. Алламжонов 2017 йилнинг 1 декабридан 2018 йилнинг 3 октябрига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Администрацияси раҳбари ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби лавозимида фаолият юритган.
2018 йилнинг 29 ноябрь куни у Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори лавозимига тайинланди. 2020 йилнинг январь ойида ушбу лавозимни тарк этди ва Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси бўлди. 2022 йил июлда эса Алламжонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари лавозимига тайинланди. 2023 йил август ойида эса у Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари лавозимига тайинланди ва 2024 йил сентябргача ишлади.
Эслатиб ўтамиз, Алламжонов Президент Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари лавозимидан озод этилгач, фаолиятини хусусий секторда давом эттиришини айтганди.
LiveБарчаси