“Коля Қирғиз”га тегишли автомобиллар аукционга қўйилди
Олам
−
22 Ноябрь 2023
11083Қирғизистонда жиноий тўданинг ўлдирилган бошлиғи Қамчибек Асанбек (Қамчи Кўлбоев – Коля Қирғиз)га тегишли автомобиллар кимошди савдосига қўйилди “24.kg” хабар берди.
Қайд этилишича, Давлат мулкини бошқариш давлат агентлиги олтита автомобилни сотиш бўйича электрон аукцион ҳақида эълон берган. Эълонда автомашиналар Вазирлар Маҳкамасига тегишли экани айтилган. Ҳолбуки, улар аввал жиноий тўда бошлиғига тегишли бўлган.
“Ушбу автомашиналар Қамчибек Асанбек (Қўлбоев) оиласи томонидан мулкни давлат фойдасига бепул ўтказиш тўғрисидаги шартнома асосида топширилган”, дейилади агентлик хабарида.
Кимошди савдосига қўйилган энг қиммат автомобиллар – 2017 йилда ишлаб чиқарилган Mercedes-Benz S600 25,5 миллион сом (286 484 АҚШ доллари) ва 2021 йилда ишлаб чиқарилган BMW Alpina XB7 18 миллион сом (202 224 АҚШ доллар)га баҳоланган.
Бундан ташқари, 2019 йилда ишлаб чиқарилган Hyundai Genesis (31 457 АҚШ доллари), 2019 йилги Kia Rio X-LINE (12 919 АҚШ доллари), 2013 йилда ишлаб чиқарилган Mercedes-Benz G500 (60 667 АҚШ доллари) ва Toyota Land Cruiser Prado 2005 (71 902 АҚШ доллари) ҳам бор.
Аукцион 11 декабрь куни электрон савдо майдончаси веб-сайтида онлайн тарзда бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни қирғизистонлик криминал авторитет Қамчибек Кўлбоев (“Коля Қирғиз”) Бишкекда қўлга олинаётганда мамлакат Миллий хавфсизлик ходимлари томонидан отиб ўлдирилганди. Шундан сўнг, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Тўқмоқ шаҳрида қўмитанинг янги биноси очилишида қатнашиб, жиноятчиларга қарата “биттаси бош кўтарса, ўша бошни чопиши”ни айтганди.
LiveБарчаси