Клиникада ҳатто қон текширадиган техникаси ҳам йўқ эди – Улуғбек Шодибеков Фарҳод Манноповнинг ўлими ҳақида
3-саҳифа
−
15 Март 2023
22705“Mittivine” тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Манноповнинг комага тушганини шифокорлар унинг яқинларидан 6 соат давомида яширган. Фақат оила аъзоларининг қистови билан у комага тушганини очиқлашга мажбур бўлинган. Бу ҳақда унинг дўсти ва “Mittivine” жамоаси аъзоси Улуғбек Шодибеков YouTube’даги каналлардан бирига берган интервьюсида сўз очди.
“[3 март куни] соат 13:20 да операцияга кириб кетди, соат 15:00 да чиқиши керак эди. Соат 17:00, 18:00 бўлди, чиқмади. Ичкарида онаси ва аёли бор эди, мен эса клиниканинг ёнида кутиб ўтиргандим. Ёрдамчисига кўнғироқ қилиб, нима бўлаётганини сўради. У эса [шифокорнинг] бошқа бемори келиб қолаётгани, шу боис операция чўзилаётганини айтди. Буни қандай тушуниш мумкин. Битта беморни операция қилинаётганда бошқа беморга қаралмайди-ку, менимча. Соат 19:30 гача ҳеч нарса айтишмади, соат 20:30 да Фарҳоднинг онаси қўймай сўраганидан кейин “комага тушиб қолди”, деб айтишди. Тасаввур қилинг, буни бизга 5 соат ўтиб айтишяпти. Реакция 1 соату 42 дақиқада пайдо бўлган. Бу соат 14:30 га тўғри келадиган бўлса, бизга 20:30 да, 5-6 соат ўтиб хабар беришди”, дейди Улуғбек Шодибеков.
У сўзида давом этаркан, дўстининг комага тушганидан хабар топганида ўзи ҳам шокка тушганини айтди. У, шифокорлар операция бошланганидан 1,5 соат ўтиб юзага келган муаммо ҳақида Манноповнинг яқинларига дарҳол хабар бермай, 5-6 соат вақт йўқотилганидан норозилигини ифода этган.
Унинг қайд этишича, яқинларига хабар берилгунга қадар Манноповнинг юраги уч марта тўхтаб қолган.
“Соат 21:00-22:00. Биз энг яхши докторларни олиб келишни бошладик. Келган докторлар савол бериб, техникаларнинг номини айтяпти, техникалар йўқ бўлиб чиқди. “Менга бир нарса жуда муҳим: Фарҳоднинг юраги неча дақиқа тўхтаб қолди”, деб савол берилди. Адашмасам, агар юрак 6-7 дақиқадан кўп тўхтаб қолса, фойда бўлмас экан. Организм ишламас экан, ўзига келиб, кўзини очган тақдирда ҳам ҳаракат қила олмас экан. Шундан келиб чиқиб, биз олиб келган доктор анестезиологга савол берди: 1 ёки 2 дақиқа? Аниқ жавоб берилмади”, дейди Манноповнинг энг яқин дўсти ва жамоадоши.
Улуғбек Шодибековнинг қўшимча қилишича, шифокорлар операция вақтида Манноповнинг ҳарорати кўтарилганини кеч пайқаган. Шифокорлар унинг қон босимини тушириш билан овора бўлган. Бунгача эса унинг ҳарорати 42 даражагача кўтарилган. Бу орада ўпкага қон кетган.
“Ўпка, жигар, буйрак, юракни уч марта ишдан чиқариб, кейин бизга хабар беришган”, дейди Улуғбек Шодибеков.
У сўзида давом этиб, Маннопов вафот этишидан олдин унинг қон таҳлиллари бошқа клиникада бир неча бор текшириб борилгани, у операция қилинган клиникада эса керакли техникалар бўлмаганини айтади.
“Қон текширадиган аппарати ҳам йўқ экан. Ҳар ярим соатда мен Бунёдкор стадионидан Пахтакор метросига қатнадим. Бораман, таҳлил натижаларини суратга олиб, шифохонага юбораман. Фарҳодга биз ташқаридан олиб келган докторлар қарашни бошлади, клиникадаги докторлар “ўйин”дан чиқди. Шу пайтгача нималар бўлгани ҳақида маълумот бериб туришди. Мен эса Пахтакорга эрталабгача 8-10 марта қатнадим. Орада аҳволи бироз яхшиланди, бизда умид пайдо бўлди. Лекин бизга юраги неча дақиқа тўхтагани айтилганда, шунга қараб ҳаракат қилган бўлар эдик”, дейди Шодибеков.
Эслатиб ўтамиз, Фарҳод Манноповнинг ўлимига алоқадор шахсларни батафсил сўроқ қилиш, қўп вақт талаб қилинадиган мураккаб экспертизалар тайинлаш ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан қонуний тўхтамга келиш имкони йўқлиги сабабли Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Фарҳод Манноповнинг ўлиги чиққан “Star Med Center” кеча, 14 мартдан эътиборан фаолиятини 10 кунга тўхтатди. Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, мазкур тиббиёт муассасасида бир қатор лицензия талаб ва шартларига номувофиқликлар аниқланган.
LiveБарчаси
АҚШ долларининг расмий курси пасайди.
27 Декабрь