Фарҳод Маннопов ўлими ортидан жиноят иши қўзғатилди
3-саҳифа
−
06 Март 2023
32806Блогер Фарҳод Манноповнинг ўлими юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Унга кўра, Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Фарҳод Манноповнинг вафот этганлиги бўйича текширув ўтказилган.
“Ҳолатга алоқадор шахсларни батафсил сўроқ қилиш, қўп вақт талаб қилинадиган мураккаб экспертизалар тайинлаш ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан қонуний тўхтамга келиш имкони йўқлиги сабабли Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди”, дейди Бош прокуратура матбуот котиби.
Қайд этилишича, тергов ўтказиш йўли билан қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 5 март куни “Mittivine” тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Маннопов 27 ёшида вафот этган эди. Блогер ва вайнер Фарҳод Маннопов бир неча кун аввал дўстлари билан бассейнда сузаётган вақтида боши ва бурнидан жароҳат олган. Шу сабаб у бурнини операция қилдириш мақсадида Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган хусусий клиникалардан бирига мурожаат қилган. Ижтимоий тармоқларда унинг вафотига операция олдидан кўп миқдорда наркоз берилгани сабаб бўлгани айтилмоқда. Бу ҳақда блогер Отабек Жўраев ҳам гапириб ўтган. Тарқалган хабарларга кўра, унинг бурнини доктор Алижон Хисамов операция қилган. Маннопов 36 соат давомида биологик ўлим ҳолатидан чиқмаган.