Фарҳод Манноповнинг суди ОАВда ёритилмайдиган бўлди
3-саҳифа
−
24 Октябрь 2023
7640Жорий йилнинг 5 март куни "Mittivine" тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Маннопов “Star med center” клиникасида бурун операциясини бошдан ўтказаётган вақти вафот этган эди. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари тугаб, суд иши бошланди. Мазкур суд жараёни ОАВда ёритилмайдиган бўлди. Бу ҳақда бугун, 24 октябрь куни ўтказилган навбатдаги суд мажлисида қатнашган QALAMPIR.UZ мухбири хабар берди.
Суд жараёнларини ОАВда ёритилмаслиги ҳақидаги илтимоснома марҳум Фарҳод Манноповнинг адвокати томонидан билдирилди. Марҳумнинг онаси адвокат таклифини қўллаб-қувватлади.
Айбланувчилар ва уларнинг ҳимоячилари эса ОАВ ёритиши ёки ёритмаслиги масаласини ҳал қилишни судга ҳавола қилди.
Суд мазкур маcала очиқ суд мажлисида кўрилишини инобатга олиб, ОАВ ходимлари суд жараёнларида қатнашиши мумкинлиги, суд ҳукми ўқилиб, ҳукм қонуний кучга киргунига қадар, суд жараёни ОАВда ёритилмаслиги ҳақида ажрим қилди.
Ўз навбатида, ҳимоя томоннинг суд жараёнларини аудио форматда ёзиб борилиши ҳақидаги илтимосномаси қаноатлантирилди.
Маннопов иши
Жорий йилнинг 5 март куни “Mittivine” тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Маннопов 27 ёшида вафот этган эди. У бир неча кун аввал дўстлари билан бассейнда сузаётган вақтида боши ва бурнидан жароҳат олган. Шу сабаб у бурнини операция қилдириш мақсадида Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган "Star med center" хусусий клиникасига мурожаат қилган. Ўшанда Бош прокуратура ҳолатга алоқадор шахсларни батафсил сўроқ қилиш, қўп вақт талаб қилинадиган мураккаб экспертизалар тайинлаш ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан қонуний тўхтамга келиш имкони йўқлиги сабабли Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган текширув натижаларига кўра, Манноповнинг операциясида иштирок этган анестизиолог ва реаниматолог, пластик жарроҳ шифокори, лаборант шифокорининг малакавий тоифалари ва сертификатлари бўлмагани маълум бўлган эди.
Зангиота туманлараро иқтисодий судида Фарҳод Манноповнинг вафоти ортидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг лицензияни бекор қилишни сўрагани юзасидан иқтисодий суд 15 май куни бошланган эди.
Кейинчалик ижтимоий тармоқларда клиниканинг бир нечта санъаткорлар томонидан реклама қилиниш ҳолатлари кузатилди. Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолатга муносабат билдириб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Omad plyus” МЧЖга қарашли “Star med center” клиникасига тиббий фаолиятни амалга ошириш учун берилган лицензияни бекор қилиш тўғрисида судга ариза киритилганини маълум қилганди.
Жорий йилнинг 2 июнида Зангиота туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан ариза талаби қаноатлантирилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Omad Plus” МЧЖга тиббий фаолиятни амалга ошириш учун берилган 27390032-сонли лицензияси бекор қилиниши белгиланди.
Шундан сўнг “Star med” клиникаси суд қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти билан мурожаат қилди. 13 июль куни Тошкент вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг очиқ суд мажлисида мазкур масала кўриб чиқилди ва судлов ҳайъати томонидан жавобгарнинг илтимосномаси қаноатлантирилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь