Манноповнинг ўлимига Соғлиқни сақлаш вазирлиги айбдорми? 

3-саҳифа

2023 йилнинг 5 март куни “Mittivine” тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Маннопов 27 ёшида вафот этган эди. У бир неча кун аввал дўстлари билан бассейнда сузаётган вақтида боши ва бурнидан жароҳат олган. Шу сабаб у бурнини операция қилдириш мақсадида Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган “Star Med Center” хусусий клиникасига мурожаат қилган ва шифохонада вафот этган. 

Мазкур ҳолат бўйича жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида 2023 йилнинг 18 октябрь куни бошланган суднинг навбатдаги мажлиси бугун, 29 ноябрь куни бўлиб ўтди ва унда Манноповни операция қилган шифокорларга суд ҳукми ўқилди. 

“Star Med Center” хусусий клиникаси отоларингологи (ЛОР) А.Ҳ. Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига Жиноят кодексининг 45-моддасини (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўллаган ҳолда 2 йил тиббиёт соҳасида тегишлилиги бўйича отоларинголог ва анестезиолог-реаниматолог вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлансин. “Omad Plyus” МЧЖга қарашли “Star Med Center” хусусий клиникасида анестезиолог-реаниматолог вазифасида ишлаган Ж.Қ.га Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида ўташ учун 2 йил тиббиёт соҳасида анестезиолог-реаниматолог шифокор вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил 6 ой 27 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси қолдирилиши белгилансин”, дейилади суд ҳукмида.

Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ, А.Х. ва Ж.Қ. Жиноят кодексининг 117-моддаси (хавф остида қолдириш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилиб, оқланди. Маълумот учун,  Бош прокуратура Маннопов иши бўйича ҳолатга алоқадор шахсларни батафсил сўроқ қилиш,  кўп вақт талаб қилинадиган мураккаб экспертизалар тайинлаш ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан қонуний тўхтамга келиш имкони йўқлигини айтган эди. Шу сабабли ҳам Манноповнинг суди бир йилдан ошиқ давом этган. Бу вақт давомида эса қайта ва қайта экспертиза текширувлари ўтказилиб, уларда шифокорларнинг айби йўқлиги маълум қилинган. Шу сабабли ҳам шифокорлар суд ҳукмидан норози бўлмоқда.

“Албатта, бизда беморлар оддий жарроҳлик амалиётига киришдан олдин наркоз амалиётини танлайди. Бу амалиётни амалга оширгандан кейин эса инсон наркозга нисбатан ҳар хил реакцияда бўлиши мумкин. Биз буни олдиндан анализ қилолмаймиз. Бу ҳолатда беморнинг ҳарорати наркоз таъсирида 43 градусга кўтарилган эди. Бемор қайнади. Бизга ҳароратни тушириш учун эса ҳеч қандай препарат ёрдам беролмайди. Бу ёмон сифатли гипертемия бўлиб, бу гипертемияда ягона ишлатиладиган восита – “Дантролен” препарати ҳисобланади. Агар шу антибиотик беморга қўлланилса, унинг ҳаётини сақлаб қолиш имконияти бор бўлади. Агар шу ҳолатда бу препарат ишлатилмаса, 95 % одамларда ўлим ҳолати кузатилади. Минг афсуски, бугунги кунда Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирги кунда ҳам бу препаратни рўйхатдан ўтказмаган. Ўзбекистонда бундай препаратдан фойдаланиш тақиқланган. Аммо Россияда 2022 йилдаёқ дорини рўйхатдан ўтказган эди.  Бундай ҳолатда бошқа анестезиолог ҳам бу беморни сақлаб қололмасди. Суд иши бўйича нақ 4 марта экспертиза текшируви ўтказилган ва экспертизада  ёмон ҳолатли гипертомия келиб чиққани тасдиқланган.  Афсуски, бугун бу хулоса судда ҳеч қанақа инобатга олинмади ва биз бундан норозимиз”, демоқда айбланувчи Алижон Ҳисонов.

Суд ҳукмидан норози шифокорнинг маълум қилишича, у бу йўналиш бўйича етарлича тажрибага эга. Бундай турдаги операцияларни эса қайта ва қайта амалга оширган. Шу сабабли ҳам у Манноповнинг операциясида тажрибасизлик қилганига ишонмайди.

“Салкам 20 га яқин, аниқроғи 19 йилдан бери шифокор бўлиб ишлаяпман. Ҳозирги кунга қадар 7 мингдан ошиқ беморларни операция қилганман. Ўлим ҳолати кузатилмаган, 7 мингдан ошиқ операцияларни қилган бўлсам-да, бундай ҳолатни биринчи марта кўришим. Статистикага кўра, бу олтмиш минг кишидан бир кишида бўлади.

Мен 2012 йилда Америка Қўшма Штатларининг тўртта университетида малака ошириб келганман. Биринчиси, Гарвард университети ва катта клиникаси. Иккинчи жой Чикагодаги университет, учинчиси эса Стэнфорд университетида малака ошириб келганман. 2013 йилга келиб, яна Америкага бориб, Корн университетида малака ошириб келганман. 

Бундан ташқари, 2015 йил Австриянинг Вена шаҳрида айнан бурун ва бўйин бўйича малака ошириб келганман. Ўша Америкада қилинадиган операцияларни ҳозирги кунда Ўзбекистонда татбиқ этганман. Шундай қилиб, ринопластика бўйича етарлича тажрибам бор”, деди Ҳисонов.

Шу сабабли ҳам шифокор Маннопов билан боғлиқ ҳолат операция жараёнларида камдан-кам кузатилиши, буни олдиндан аниқлаш имкони йўқлиги боис асосий айбдор сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлигини кўрсатмоқда.

“Агар вазирлик бу препаратни эртароқ Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказмаса, Манноповдан бошқалар ҳам ўлиши мумкин. Мендек бошқа шифокорлар ҳам айбсиз жазоланиши мумкин”, деди у.

Айбланувчиларнинг адвокати Абдумалик Абдуллаев эса суд блогерлар таъсири остида ҳукм чиқарганини айтмоқда. 

“Иш бўйича бутун клиникада ўндан ортиқ йўналишлар бўйича турли текширувлар ўтказилди. Бундан ташқари, элликдан ортиқ малакали мутахассис ва экспертлар жалб қилинди. Уларнинг бирортаси суд терговига келиб, “шифокор мана шу хатога йўл қўйди” деб кўрсатув бермади. Тасаввур қиляпсизми, судда бир йилдан ошиқ савол-жавоблар қилдик. Жиноят ҳужжатлари бўйича тиббий ҳужжатлар бўйича экспертиза ўтказилди. Жуда ҳам қизғин тортишув бўлди шу судда. Уларнинг кўрсатмаси бўйича “шу айбдор ёки ана шу ишни чала қилди, шу хатога йўл қўйди” деб кўрсатма берган одам йўқ. Аммо прокурор нақ икки марта қайта ва қайта терговни қайтарди. Худди атайин айб топмоқчидек. Бу менинг амалиётимда биринчи марта содир бўлиши”, деди адвокат Абдуллаев.

Шундай қилиб, Фарҳод Манноповнинг бир йил давом этган суд иши якунига етди. Аммо бу сўнгги  инстанция бўлмаслиги мумкин. Судланувчиларнинг адвокатлари суд ҳукмидан норози бўлиб, судга қайта шикоят киритишларини айтишди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Фарҳод Маннопов Star med center

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг