Ўйнашмагин арбоб билан... ССВ “Star Med Center” фаолиятини тўхтатиб қўйди

Жамият

image

“Mittivine” тахаллуси билан фаолият юритган блогер Фарҳод Манноповнинг ўлиги чиққан “Star Med Center” бугун, 14 мартдан эътиборан фаолиятини 10 кунга тўхтатди. Мазкур тиббиёт муассасасида бир қатор лицензия талаб ва шартларига номувофиқликлар аниқланган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди. 

"Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатли орган сифатида тиббий фаолият учун лицензия бериш жараёнини ташкил этишда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида белгиланган принципларга, хусусан, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини сақлашнинг, жамоат хавфсизлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг устуворлигига амал қилган ҳолда лицензиатлар томонидан лицензия талабларига тўлиқ мувофиқлик таъминланишини назорат қилади.

Шундан келиб чиққан ҳолда айни пайтда вазирлик тегишли органлар билан биргаликда фуқаро Фарҳод Маннопов вафоти юзасидан пойтахтимиздаги “Star Med Center” клиникасида ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Дастлабки текширув маълумотларига кўра, мазкур тиббиёт муассасасида бир қатор лицензия талаб ва шартларига номувофиқликлар аниқланган.

Шу боис Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона низом”нинг 40-бандига асосланиб, вазирликнинг жорий йил 11 мартдаги 33-06795-сонли қарори билан “OMAD PLYUS” МЧЖга 2021 йил 16 февралда тиббий фаолият учун берилган 27390032-сонли лицензия талаблари ва шартлари бузилганлиги ҳамда келгусида салбий оқибатлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида вақтинча тўхтатилган.

Бу ҳақдаги маълумот эса вазирликнинг 33-06793-сонли хати билан шу йил 11 март куни мазкур клиниканинг электрон шахсий кабинети ва телефон рақамига SMS орқали юборилган. Қолаверса, 13 март куни тегишли ҳужжатлар қоғоз шаклида такроран клиниканинг почта ва фаолият манзилига жўнатилган”, дейилади ССВ хабарида.

Қайд этилишича, Адлия вазирлигининг мазкур реестрида ҳам ушбу ташкилотнинг лицензияси тўхтатилганлигини кўриш мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли қарори билан “OMAD PLYUS” масъулияти чекланган жамиятига тегишли ушбу хусусий тиббиёт муассасаси бугун, 14 март кунидан бошлаб, 10 кун муддатга ўз фаолиятини тўхтатганини вазирликка маълум қилган.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги жорий йилнинг 11 март куни QALAMPIR.UZ'га “Mittivine” тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Маннопов ўлими юзасидан маълумот бериб, Манноповнинг ўлиги чиққан “Star Med Center” клиникаси устидан текширув бошлангани ва клиника фаолияти вақтинча тўхтатилганини билдирди. Бироқ, орадан кўп ўтмай, “Star Med Center” клиникаси инстаграмдаги саҳифаси орқали тиббиёт муассасаси фаолияти тўхтамагани, тарқалган хабарлар ёлғонлигини айтиб чиқди. QALAMPIR.UZ суриштирувини давом эттириб, клиника фаолияти тўхтамай давом этаётганини аниқлади, маъмурият эса ССВнинг фаолиятни тўхтатиш ҳақидаги хати етиб келмаганини важ қилиб кўрсатди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Фарҳод Маннопов Mittivine Star Med

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг