“Star Med” устидан текширув бошланди. Манноповнинг ўлими қандай юз берган?

Таҳлил

Хабарингиз бор, шу йилнинг 5 март куни “Mittivine” тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Маннопов 27 ёшида вафот этган эди. Боши ва бурнидан жароҳат олган ва даволаниш учун “Star Med Center” хусусий клиникасига мурожаат қилган блогернинг ўлими юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида Бош прокуратура маълум қилган. “Star Med Center” клиникаси эса вақтинча ёпиб қўйилган. 

Аҳоли орасида эса 27 ёшли фуқаронинг ўлими, шифокорларнинг тажрибасизлиги, хусусий шифохоналарга эса ишониб бўлмаслиги ҳақида ҳар хил гаплар болаламоқда. 

Хўш, ҳолат бўйича ССВ нима учун муносабат билдирмаяпти? Блогер бўладими ёки вайнчи, гап бир фуқаронинг ўлими ҳақида кетмоқда. Вазирлик нега ҳалигача жим? Ахир бу тиббиётнинг хатоси эмасми?

QALAMPIR.UZ шу савол билан ССВга мурожаат қилди. Вазирлик матбуот котиби Фурқат Санаевнинг маълум қилишича, ҳар бир ўлим ҳолати ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганилади, назоратга олинади. Вазирлик бирор бир хусусий тиббиёт муассаса фаолиятини тўғридан тўғри ўрганишга ваколатли эмас. Ўрганиш, текшириш ишлари эса фақатгина Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес Омбудсман) томонидан рухсат берилган тақдирдагина амалга оширилади.

Биз Бизнес-омбудсман билан боғландик.

“Ҳозирги кунда Президентнинг 5490-сонли (“Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги) фармонига мувофиқ тадбиркорлик субъектларида икки хил турдаги текширув ўтказиш белгиланган. Биринчиси ваколатли орган, яъни бизнес-омбудсман билан келишилган ҳолда, иккинчиси бизнес-омбудсманни хабардор қилган ҳолда ўтказиладиган текширув турлари бор. Мазкур текширув турлари Президент фармонининг тегишли иловасида келтириб ўтилган. Ягона давлат назорати ахборот тизими бор ва ушбу тизимдан рўйхатдан ўтган ҳолда хабардор қилинади. 

2023 йил 6 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан блогер Ф.Манноповнинг ўлими юзасидан юридик номи “OMAD PLYUS” МЧЖ бўлган, “Star Med Center” клиникасида текширув ўтказиш юзасидан Бизнес Омбудсманга буюртма билан чиқиб, текширув келишуви сўралган. Биз 6 март кунининг ўзидаёқ текширув ўтказиш бўйича келишишга рухсат берилган”, дейди бизнес-омбудсман бош инспектори Мирафзал Миралимов QALAMPIR.UZ билан суҳбатда.

Мазкур рухсатга асосан Соғлиқни сақлаш вазири 7 март куни юридик номи “OMAD PLYUS” МЧЖ ҳисобланган “Star Med Center” шифохонасида текшириш ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқарган. Буйруқ нусхаси QALAMPIR.UZ’га етиб келди. Унда шундай дейилган:

“OMAD PLYUS” МЧЖ томонидан фуқаро Фарҳод Манноповга тиббий фаолиятга берилган лицензия талаб ва шартларига риоя этган ҳолда тиббий хизмат кўрсатилганлиги ҳолатини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосарининг 2023 йил 6 мартдаги ТМ-00-03808-сонли хати асосида бюраман:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 сентябрдаги ПҚ-374-сонли қарори билан тасдиқланган. “Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари асосида почта манзили Тошкент вилояти Тошкент вилояти, Янгийшл тумани, Хонқўрғон МФЙ, Тадбиркор кўчаси 21-уйда, тиббий фаолият манзили Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, 6-мавзе, 6.1-уйда жойлашган “OMAD PLYUS” МЧЖ (Стир 302747478, ИФУТ 86210) да 2023 йилнинг 9-18 март кунлари муддати 10 кунлик бўлган текширув ўтказилсин.

Текшириш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган текширув дастури асосида ўтказилсин.

2023 йилнинг 2 мартдан текширув якунига қадар бўлган давр “OMAD PLYUS” МЧЖни текшириладиган фаолият даври этиб белгилансин”.

Шунингдек, текширув ўтказиш учун махсус экспертлар гуруҳи шакллантирилади, тўпланган ва расмийлаштирилган ҳужжатлар ўз вақтида Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятига тақдим этилади. Ушбу буйруқнинг ижросини назорат қилишни эса вазир Амрулло Иноятов ўз зиммасига олган.

Бугун, 11 март куни эса вазирлик фуқаро Манноповнинг ўлими юзасидан ўрганиш ишлари бўйича дастлабки маълумотларни очиқлаб, QALAMPIR.UZ таҳририятига расмий ахборот берди.

“Дастлабки ўрганишларда аниқланишича, бемор Ф.Маннопов жорий йил 3 март куни Тошкент шаҳридаги “Star Med Center” клиникасига бурундан нафас олишнинг қийинлашуви, вақти-вақти билан бош оғриғи шикоятлари билан мурожаат қилган.

Марҳум клиникага келишидан бир кун аввал чўмилиш пайти пешона ва бурун соҳаси билан сузиш ҳавзаси деворига урилган ва жароҳат олган. Ўтказилган лаборатор таҳлиллар ва МСКТ текширувларидан сўнг унда бурун тўсиғининг қийшайиши, гаймор бўлиқлари гиперплазияси, ўрта ва пастки бурун чиғаноқлари гиперплазияси аниқланган.

“Шундан сўнг беморнинг розилиги билан унда тегишли жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Фуқарога риносептопластика амалиёти учун эндотрахеал наркоз берилган. 

Бироқ операция даврида марҳумнинг аҳволи тўсатдан ёмонлашган. Олиб борилган интенсив ва реанимацион даво чораларига қарамасдан жорий йил 5 март куни соат 03:22 лар чамаси унда биологик ўлим қайд этилган.

Айни пайтда текширувлар олиб борилаётгани сабабли “Star Med Center” клиникаси фаолияти вақтинча тўхтатилган. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли органлар билан биргаликда фуқаро Ф.Маннопов вафоти юзасидан белгиланган тартибда ўрганиш ишлари олиб бормоқда”, дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Лицензиялаш, аккредитациялаш ва тиббий туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Жалолиддин Асамутдинов.

Бош прокуратура айрим оммавий ахборот воситаларига берган интервьюларида “Star Med Center”  хусусий шифохонасида бошқа ўлим ҳолатлари кузатилган бўлиши мумкинлигини рад этмади ва буни “тергов сири” экани билан изоҳлади. Шундай бўлган тақдирда хусусий шифохонанинг лицензияси олиб қўйилиши мумкинми?

“Бундай ҳолатларда агар тадбиркорлик субъектининг лицензия талаб шарти текширилади. Агар лицензия талаб-шартларига риоя қилмаганлик ҳолатлари аниқланса ўша лицензияловчи орган томонидан 10 кун муддатга лицензия вақтинча тўхтатиш ҳуқуқи бор ва бу қонун билан белгиланган. Агар 10 кун ичида камчиликлар бартараф этилса, тадбиркорлик субъекти чна фаолиятини давом эттириши мумкин. Агар 10 кун ичида аниқланган камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда корхонанинг лицензияси суд орқали тугатилиши мумкин”, деди Мирафзал Миралимов.

Шунингдек, бизнес-омбудсман фуқаролардан Манноповнинг ўлими сабаб республикадаги барча хусусий тиббиёт муассасалари, ҳатто “Star Med Center” шифохонасининг бошқа ходимларига ҳам ишончсизлик билан қарамасликни сўрамоқда. 

“Хусусий шифохоналар орасида аҳоли саломатлигини яхшилашда хисса қўшаётганлари жуда кўп. Давлат мамлакат ҳудудида фаолият юритувчи барча тарбиркорлик субьектларининг, хусусан, хусусий шифохоналарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади”, дейди Тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, айни пайтда Ўзбекистонда 8300 та хусусий тиббиёт муассасаси фаолият кўрсатаётмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Фарҳод Маннопов Mittivine Star Med Center

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг