“Star Med” ишлаяпти. ССВ кимни алдаяпти?
Таҳлил
−
13 Март 2023
16113Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги жорий йилнинг 11 март куни “Mittivine” тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Маннопов ўлими юзасидан маълумот бериб, Манноповнинг ўлиги чиққан “Star Med Center” клиникаси устидан текширув бошлангани ва клиника фаолияти вақтинча тўхтатилганини билдирди. Бироқ, орадан кўп ўтмай, “Star Med Center” клиникаси инстаграмдаги саҳифаси орқали тиббиёт муассасаси фаолияти тўхтамагани, тарқалган хабарлар ёлғонлигини айтиб чиқди. Хўш, бу ерда халқни, оммавий ахборот воситаларини ким алдаяпти: Соғлиқни сақлаш вазирлигими ёки “Star Med Center”. Агар клиника ёпилмаган бўлса, нега ССВ ишонч билан унинг фаолияти тўхтатилганини айтиб чиқди? Тиббиётимиздаги муаммоларнинг ортида ҳам айнан ана шу бошбошдоқликлар ётмаяптими?
QALAMPIR.UZ суриштируви
QALAMPIR.UZ “Mittivine” тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Маннопов ўлими юзасидан 10 март куни журналистик суриштирув бошлади. Таҳририят журналисти Бош прокуратура, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Бизнес Омбудсман билан боғланди. Дастлаб Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов ҳолат юсазидан жиноят иши қўзғатилгани, соғлиқни сақлаш вазирлигига шифокорларнинг хати-ҳаракатлари бўйича хизмат текшируви ўтказиш юзасидан хат киритилгани, текширув хулосасига кўра ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилди.
2023 йил 6 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан блогер Фарҳод Манноповнинг ўлими юзасидан юридик номи “OMAD PLYUS” МЧЖ бўлган, “Star Med Center” клиникасида текширув ўтказиш юзасидан Бизнес Омбудсманга буюртма билан чиқиб, текширув келишуви сўралган. 6 март куни текширув ўтказишга рухсат берилган.
Мазкур рухсатга асосан Соғлиқни сақлаш вазири 7 март куни юридик номи “OMAD PLYUS” МЧЖ ҳисобланган “Star Med Center” шифохонасида текшириш ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқарган. Буйруқда 2023 йилнинг 9-18 март кунлари муддати 10 кунлик бўлган текширув ўтказиш айтилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Лицензиялаш, аккредитациялаш ва тиббий туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Жалолиддин Асамутдинов 11 март куни QALAMPIR.UZ’га берган маълумотида айни пайтда текширувлар олиб борилаётгани сабабли “Star Med Center” клиникаси фаолияти вақтинча тўхтатилганини маълум қилган.
“Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли органлар билан биргаликда фуқаро Фарход Маннопов вафоти юзасидан белгиланган тартибда ўрганиш ишлари олиб бормоқда”, деган ССВ расмийси.
Шуларга асосланган ҳолда QALAMPIR.UZ'да “Star Med” устидан текширув бошланди. Манноповнинг ўлими қандай юз берган?” номли журналистик суриштирув эълон қилинди. Орадан бир неча соат вақт ўтиб, “Star Med Center” клиникаси ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “асоссиз хабарларга ишонманг, клиника ўз фаолиятини давом эттирмоқда”, деб чиқди. Ҳар ҳолда ёлғон гапираётган биз эмас. QALAMPIR.UZ 20 боланинг вафотида ССВга қандай ишонган бўлса, Маннопов билан боғлиқ вазиятда ҳам вазирликка шунчалик ишонганди.
Бугун, 13 март куни QALAMPIR.UZ ҳолатни аниқлаш мақсадида “Star Med” клиникасига етиб борди ва муассаса ёпилмагани, доимги иш фаолиятини давом эттираётганига гувоҳ бўлди.
Клиникага кирганимизда интервью беришни истамаган, ўзини “Star Med” клиникаси директори, адвокати деб таништирган икки нафар шахс QALAMPIR.UZ’ни ёлғон ахборот тарқатишда айблади.
Феруза Нажмиддинова, журналист: — ССВ QALAMPIR.UZ клиникада текширув ўтказилаётгани, шу сабабли “Star Med Center” ёпилгани ҳақида расмий маълумот берди.
Ўзини “Star Med Center” директори деб таништирган шахс: — Ким маълумот берди. Сизлар нимага асосланиб шу гапни гапирдинглар?
Ўзини адвокат деб таништирган шахс: — Ҳақиқатни айтинглар, ҳеч қандай эътироз йўқ. 4-ҳокимиятга ҳеч ким тўсқинлик қила олмайди.
Ф.Н.: — Айни пайтда текширувлар олиб борилаётгани сабабли “Star Med Center” клиникаси фаолияти вақтинча тўхтатилган деб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Лицензиялаш, аккредитациялаш ва тиббий туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Жалолиддин Асамутдинов.
Ўзини адвокат деб таништирган шахс: — Минздравга официальный чиқдим. “Биз бундай маълумот бермаганмиз деб айтди. Лицензия фақат суд орқали бекор бўлади. Экспертизани жавоби берилмади. Умумий ҳулоса эълон қилингандан кейин кимни айби бўлса қамайди.
Ф.Н.: — Биз вазирликнинг расмий маълумотига таяниб хабарни эълон қилганмиз.
Ўзини адвокат деб таништирган шахс: — Вазирлик тан олмаяпти.
Ф.Н.: — Сиз адвокат бўлсангиз интервью беринг ва вазирлик тан олмаганини айтинг.
Ўзини адвокат деб таништирган шахс: — Экспертиза жавоблари чиқмасидан олдин, ҳеч ким ҳеч нарса деёлмайди. Клиника бир кун ҳам ёпилмади, кўриб турганингиздек ишлаяпти. Агар айби бўлса қонун олдида ҳамма жавоб беради. Лицензия фақатгина суд орқали ечилади.
Ўзини “Star Med Center” клиникаси директори деб таништирган шахс Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Лицензиялаш, аккредитациялаш ва тиббий туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Жалолиддин Асамутдинов билан телефон орқали боғланди. Вазирлик расмийси эса аллақачон клиникани вақтинчалик ёпиш ҳақида хат чиқарилганини тасдиқлади.
“Star Med Center” клиникаси директори: — QALAMPIR.UZ’дан келишди. “Ёлғон маълумот бергансизлар” десак, “Жалолиддин Асомиддинов берган маълумотлари чиқарилган” дейишди.
Жалолиддин Асамутдинов: — Биз лицензияни вақтинчалик тўхтатиб туриш ҳақида Адлия вазирлиги тизими орқали хат чиқарганмиз. Огоҳлантириш хати чиқарилган. Келганингизда хатни кўрсатаман.
“Star Med Center” клиникаси директори.: — Хат бизга етиб келмаган-ку.
Жалолиддин Асамутдинов: — Энди билмадим. Адлия вазирлиги тизими орқали хат чиқарилган. Балки етиб бормаган бўлиши мумкин.
Ф.Н.: — QALAMPIR.UZ нотўғри ёки ёлғон ахборот тарқатмайди.
Энди бизда жиддий савол туғиляпти. Ёлғон гапираётган, беморлар ҳаёти билан ўйнашаётган ким? ССВми ёки “Star Med Center” клиникаси.
Клиника ёпилмаган экан, “Star Med "иш фаолияти тўхтатилди" деб жар солишдан вазирликка нима наф?
Клиникага вақтинча иш фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги хат юборилган бўлса, улар “ишлаяпмиз” деб берган эълонни ССВ расмийлари кўрмай қолдими ёки кўзларини юмиб олишдими?
Хат етиб бормаган, клиника ишлаётган экан, нима учун огоҳлантириш хати ижроси юзасидан текширув ўтказилмаяпти?
Нима бўлганда ҳам гап бир одамнинг ўлими ҳақида кетмоқда. Суриштирувлар ҳали давом этади QALAMPIR.uz'ни кузатиб боринг.