КХШТ миссияси озар-арман чегарасида кескинликни юмшатиш бўйича таклифлар ишлаб чиқди
Олам
−
20 Сентябрь 2022
2474Кеча, 19 сентябрь куни Арманистон Мудофаа вазирлигида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти миссияси илғор гуруҳининг Арманистондаги фаолияти якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. КХШТ Бирлашган штаб-квартирасининг хабар беришича, гуруҳ Арманистон-Озарбайжон чегарасида кескинликни юмшатиш бўйича таклифлар ишлаб чиққан.
“Дастлабки гуруҳга раҳбарлик қилаётган генерал-полковник Анатолий Сидоров Арманистон Мудофаа вазири Сурен Папикянга Арманистон ва Озарбайжон чегарасидаги айрим ҳудудлардаги вазиятни таҳлил қилиш натижалари, асосий хулосалар ва тегишли чора-тадбирлар бўйича таклифлар ҳақида маълумот берди. Самимий ва конструктив фикр алмашилди. Ишлаб чиқилган таклифлар юзага келган кескинликни юмшатишга қаратилган”, дейилади КХШТ Бирлашган штаб-квартираси матбуот хизмати хабарида.
Идоранинг таъкидлашича, Мудофаа вазирлигидаги учрашувдан сўнг КХШТ миссиясининг олдинги гуруҳи Москвага жўнаб кетган.
КХШТ вакиллари 15 сентябрь куни Арманистонга етиб келди. 17 сентябрь куни КХШТ миссиясининг олдинги гуруҳи Арманистон ва Озарбайжон чегарасидаги бир нечта объектга ташриф буюрди. Мутахассислар Озарбайжон билан чегарага туташ бир қанча ҳудудларда вазиятни кузатди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 сентябрига ўтар кечаси Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари мамлакатнинг аҳоли пунктларини ўққа тутганини маълум қилди. Бакунинг қайд этишича, бу Ереваннинг провокацияларига жавобдир. Кейинроқ Озарбайжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берди, бироқ Арманистон ўқ узиш давом этаётганига ишора қилмоқда.
Тўқнашувларда аввалига Озарбайжон томонидан 77 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилди.
LiveБарчаси