КХДР Жанубий Кореяга ахлат тўлдирилган шарларни учиришни тўхтатди
Олам
−
03 Июнь
4989Шимолий Корея Жанубий Кореяга ахлат тўлдирилган ҳаво шарларини юборишни тўхтатди. Бу ҳақда КХДР Мудофаа вазири ўринбосари Ким Канг Илга таяниб, “Yonhap” агентлиги хабар беради.
Унинг сўзларига кўра, агар жанубий кореялик фаоллар Пхеньянга қарши тарғибот варақаларини яна ҳаво шарлари орқали учирадиган бўлса, Шимолий Корея Жанубий Корея варақаларидан юзлаб баравар кўп чиқиндиларни ташлаш учун ўз шарлари билан парвоз қилишни давом эттиради.
Жанубий Корея Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Чанг Ҳо-Жин ҳаво шарлари кампаниясини "оддий мамлакат тасаввур қила олмайдиган абсурд, мантиқсиз провокация ҳаракатлари" деб атади. У Шимолий Кореяни Жанубий Кореяда "жамоат ташвишлари ва тартибсизликлар" келтириб чиқаришни мақсад қилганликда айблади.
Қайд этиш жоизки, Шимолий Корея кўпинча Жанубий Корея фуқаролик варақаларига ғазаб билан жавоб беради, чунки уларда Шимолий авторитар бошқарувни танқид қилувчи ташвиқот хабарлари ва ташқи янгиликлар мавжуд.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Шимолий Кореянинг сўнгги етти йил ичида биринчи марта бўлиб ўтаётган ҳаво шарлари кампанияси Жанубий Кореяда консерватив ҳукуматнинг Шимолга нисбатан қатъий сиёсати туфайли ички тафовутни кучайтиришга қаратилган. Уларнинг айтишича, Шимолий Корея ҳам AҚШда ноябрь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари олдидан кескинликни янада кучайтириши кутилмоқда.
2022 йилдан бери Шимолий Корея йирик ядровий арсенални яратиш учун қурол синовлари тезлигини кескин оширди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Жанубий Корея ҳарбийлари Шимолий Кореядан учган 700 дан ортиқ шарлар мамлакатнинг турли ҳудудларида топилганини маълум қилган эди. Бирлашган штаб бошлиқларининг маълумотларига кўра, шарларга гўнг, сигарет қолдиқлари, мато қолдиқлари, макулатура ва винил боғланган, аммо хавфли моддалар йўқ бўлган.
Шаҳноза Ҳалилова