КХДР ён берган Трампга 10 та ракета отиб “миннатдорлик билдирди”
Олам
−
20 август 2772 2 дақиқа
Шимолий Корея бугун, 20 август куни 10 га яқин қисқа масофали баллистик ракетани Шарқий денгиз томон учирди. Ракета синовлари АҚШ Президенти Дональд Трамп Жанубий Корея билан қўшма ҳарбий машғулотларни қисқартиришга кўрсатма берганидан бир кун ўтиб амалга оширилди. Бу ҳақда “The Guardian“ хабар берди.
Жанубий Корея Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси маълумотига кўра, ракеталар Пхеньян ҳудудидан соат 17:00 атрофида учирилган ва Шимолий Кореянинг шарқий сувларига йўналган. Ракеталар тахминан 300 километр масофани босиб ўтган.
Жанубий Корея ҳарбийлари кузатув ишларини кучайтирганини ҳамда ракета учирилиши юзасидан АҚШ ва Япония билан маълумот алмашинаётганини билдирган.
Аввалроқ, Трамп Пентагонга машғулотлар кўламини “сезиларли даражада қисқартириш“ бўйича топшириқ берган эди. Шундан сўнг, АҚШ ва Жанубий Корея 11 кунлик ҳарбий машғулотларини 5 кунга қисқартиришга қарор қилганди. Натижада машғулотлар режалаштирилганидан олти кун олдин, эртага, 21 август куни якунланади.
Шимолий Корея етакчисининг нуфузли синглиси Ким Ё Чжон кеча, 19 август куни Трампнинг баёнотини рад этиб, бу ҳақда изоҳ беришга арзимаслигини айтган.
“Машқларнинг давомийлиги ва ҳажми қисқартирилганига қарамай, уларнинг провокацион, тажовузкор табиати ўзгармайди. Агар АҚШ ўзининг сўнгги чорасини “яхши ният” деб аташ мумкин деб ҳисобласа, улар керакли жавобни олмайдилар”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп КХДР раҳбари Ким Чен Ин билан яхши муносабатда эканини айтиб мақтанганди.
Live
Барчаси