Жанубий Корея ҳаво мудофаасини ёриб ўтишга қодир янги қуролни синади

World

−

image

Жанубий Корея ўзи ишлаб чиққан гипертовушли учиш аппаратини илк бор муваффақиятли синовдан ўтказди. Бу ҳақда “The War Zone” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, синов жорий йилнинг 8 октябрь куни мамлакатнинг ғарбий соҳилидаги Анхин полигонида ўтказилган. Жанубий Корея Президент маъмурияти синов жараёни акс этган суратларни эълон қилган. Уларда ракетанинг учирилиши ва парвоз якунида сувга тушиши акс этган.

Жанубий Корея расмийларига кўра, синов давомида аппаратнинг ўта юқори ҳароратга чидамли материаллари, бошқарув тизими ва паст баландликда кутилмаган манёврларни амалга ошириш қобилияти текширилган. Қурилма ракета тезлаткичидан ажралиб, белгиланган парвоз йўналишини муваффақиятли бажарган.

Янги қуролнинг аниқ тезлиги ва қанча масофага учгани ҳозирча ошкор этилмаган. Шунингдек, унинг нишонга йўналиш ва парвознинг сўнгги босқичида бошқарилиш имкониятлари ҳам тўлиқ аниқлаштирилмаган. Шу сабабли синов муваффақиятли ўтган бўлса-да, қуролнинг амалий жанговар имкониятлари ҳали тўлиқ намоён бўлмаган.

Гипертовушли учиш аппаратлари одатда товуш тезлигидан камида беш баравар юқори тезликда, яъни мач 5 ва ундан ортиқ тезликда ҳаракатланади. Оддий баллистик ракеталардан фарқли равишда, бундай қурилмалар атмосфера ичида пастроқ траектория бўйлаб учиб, парвоз давомида йўналишини ўзгартириши мумкин. Бу эса душманнинг уларни аниқлаши ва уриб туширишини қийинлаштиради.

Жанубий Корея раҳбари Ли Чже Мён мамлакат хавфсизлигини ўз кучига таяниб таъминлаш зарурлигини таъкидлаб, янги технологияни янада такомиллаштиришга чақирган.

Синов Корея яриморолида қуролланиш пойгаси кучайиб бораётган бир пайтда ўтказилди. Нашр маълумотларига кўра, Шимолий Корея ҳам сўнгги ҳафталарда гипертовушли деб тақдим этилган янги ракеталарини синовдан ўтказган. Жанубий Корея эса гипертовушли қанотли ракета, шунингдек, ҳаво ва денгиздан учириладиган янги баллистик ракеталарни ишлаб чиқмоқда.

Янги қурол Жанубий Кореянинг Шимолий Кореядаги мустаҳкамланган ҳарбий объектлар ва стратегик нишонларга зарба бериш имкониятларини кенгайтириши мумкин. Бироқ унинг қачон тўлиқ жанговар фойдаланишга топширилиши ҳозирча номаълум.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея Япон денгизи томон баллистик ракета учиргани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends