Трамп Ким билан яхши муносабатдалигини айтиб, мақтанди
Олам
−
15 август 986 1 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп КХДР раҳбари Ким Чен Ин билан яхши муносабатда эканини айтиб мақтанди. Бу ҳақда у ўзига тегишли Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
“Ушбу конкрет суратдаги дўстона бўлмаган қиёфага қарамай, иккаламиз табассум қилиб тушган жуда кўп суратларимиз бор. Ким Чен Ин ва мен жуда яхши чиқишамиз”, деб ёзган Трамп.
Шу орқали у постга КХДР етакчиси билан тушган суратини илова қилди. Трамп уни бундай баёнот беришга нима ундаганига аниқлик киритмаган.
Маълумот учун, 1945 йил 15 август Корея ҳудудининг Япония оккупация қўшинларидан озод қилинган куни ҳисобланади ва шу кунгача ҳам КХДРда, ҳам Корея Республикасида миллий байрам сифатида нишонланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея АҚШнинг Япониядаги ҳарбий қўмондонлиги кенгайтирилаётганини танқид қилиб, Корея яриморолида қуролли тўқнашув юз бериши энди эҳтимол эмас, балки вақт масаласи эканини билдирганди.
Бу баёнот АҚШ Қуролли кучларининг Япониядаги қўмондони генерал-лейтенант Стивен Жостнинг “Asahi” газетасига берган интервьюсидан кейин янграган. Унинг айтишича, қўмондонликнинг бош штабидаги шахсий таркиб сўнгги бир йилда 215 нафарга кўпайтирилиб, қўмондонлик вазифаларини кучайтириш ва АҚШ иттифоқчилари билан мувофиқлашувни яхшилаш мақсад қилинган.