КХДР Конституциядан Жанубий Корея билан бирлашиш бандини олиб ташлади
Олам
−
06 Май 584 2 дақиқа
Шимолий Корея Конституциясига ўзгартиш киритиб, Жанубий Корея билан бирлашишга оид барча нормаларни олиб ташлади ва икки давлатни алоҳида субъектлар сифатида белгилади. Бу ҳақда ҳужжат лойиҳасига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, ўзгартиришлар жорий йилнинг март ойида Корея Халқ Демократик Республикаси Олий халқ йиғинида қабул қилинган. Янги таҳрирда илк бор мамлакат ҳудуди аниқ белгилаб берилган. Унга кўра, Шимолий Корея ҳудуди шимолда Хитой ва Россия, жанубда эса Жанубий Корея билан чегарадош экани қайд этилган. Шунингдек, ҳудудга тегишли сув ва ҳаво ҳудуди ҳам киритилган.
Конституцияда КХДР ўз ҳудудига ҳар қандай тажовузни қабул қилмаслиги таъкидланган, аммо Жанубий Корея билан аниқ чегара чизиғи кўрсатилмаган. Жумладан, Сариқ денгиздаги баҳсли денгиз чегаралари ҳақида ҳам аниқ маълумот берилмаган.
Янги таҳрирда давлат раҳбари мақоми ҳам қайта белгиланган. Энди Давлат ишлари комиссияси раиси Ким Чен Ин расман давлат раҳбари сифатида кўрсатилган. Шу билан бирга, мамлакат ядровий кучлари устидан тўлиқ назорат ҳам айнан унга бириктирилди.
Ҳужжатга кўра, КХДР “масъулиятли ядровий давлат” сифатида таърифланиб, мамлакат хавфсизлиги ва тараққиётини таъминлаш, урушни тийиш ҳамда минтақавий ва глобал барқарорликни сақлаш мақсадида ядровий дастурни ривожлантириш давом эттирилиши қайд этилган.
Экспертлар фикрича, Конституцияда Жанубий Корея билан аниқ чегара кўрсатилмагани янги зиддиятларни келтириб чиқармасликка қаратилган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, бу ўзгартишлар Пхеньяннинг икки Кореяни “душман давлатлар” сифатида кўриш сиёсатини мустаҳкамлайди.
Маълумот учун, 2024 йилда Ким Чен Ин Жанубий Кореяни “асосий душман” деб атаб, Конституцияга шу мазмунда ўзгартиш киритишни таклиф қилган эди. Сўнгги йилларда Пхеньян Сеулга нисбатан кескин сиёсат юритиб, музокаралар бўйича таклифларни рад этиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Корея Президенти Ли Чже Мён КХДР раҳбари Ким Чен Индан Шимолий Корея чегарасини кесиб ўтган дронлар билан боғлиқ ҳодиса учун узр сўраган эди.
Ойбек Рустамов
Live
Барчаси“Ягона Корея” ғояси ўлди
06 Май