КХДР баллистик ракета учирди – Япония

Олам

image

Бугун, 4 январь куни Япония Денгиз хавфсизлиги хизмати Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) томонидан яна бир эҳтимолий ракета учирилганини аниқлади. Бу ҳақда NHK хабар берди.

Қайд этилишича, ракета учирилиши ҳақидаги биринчи огоҳлантириш маҳаллий вақт билан 07:57 да, иккинчиси эса 08:08 да эълон қилинган.

“Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, КХДР ҳудудидан учирилган ва баллистик ракета бўлиши мумкин бўлган объект, эҳтимол, аллақачон қулаб тушган. Кемаларга кейинги маълумотларни диққат билан кузатиш, шунингдек, эҳтимолий қулаётган жисмлар аниқланган тақдирда уларга яқинлашмаслик ва бу ҳақда Япония соҳил қўриқлаш хизматига хабар бериш тавсия этилади”, дейилади Япония Денгиз хавфсизлиги хизмати хабарида.

Япония Мудофаа вазири Синдзиро Коидзумининг айтишича, КХДР томонидан учирилган баллистик ракеталар 950 километргача масофани босиб ўтган ва парвознинг максимал баландлиги 50 километрни ташкил этган.

“Биринчи ракета тахминан маҳаллий вақт билан 07:54 да учирилган, парвозининг максимал баландлиги қарийб 50 километр бўлган ва тахминан 900 километр масофани босиб ўтган. Иккинчи ракета эса тахминан 08:05 да учирилган, максимал баландлиги қарийб 50 километр бўлиб, тахминан 950 километр масофани босиб ўтган. Шунингдек, ҳар иккала баллистик ракета ҳам маневрли траектория бўйлаб учган бўлиши мумкин, бу борадаги таҳлил ҳозирда давом этмоқда”, дейди вазир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин Корея яримороли ғарбида, Сариқ денгиз йўналишида амалга оширилган икки узоқ масофали стратегик қанотли ракетанинг синов учиришини шахсан кузатганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Япония КХДР баллистик ракета

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг