КХДР икки стратегик қанотли ракета учирди

Олам

image

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин Корея яримороли ғарбида, Сариқ денгиз йўналишида амалга оширилган икки узоқ масофали стратегик қанотли ракетанинг синов учиришини шахсан кузатди. Бу ҳақда бугун, 29 декабрь куни “Yonhap” ва “AFP” ахборот агентликлари хабар берди.

Шимолий Кореянинг Марказий ахборот агентлиги маълум қилишича, ракеталар 28 декабрь куни белгиланган траектория бўйлаб мос равишда 10 199 ва 10 203 сония парвоз қилган, шундан сўнг нишонга аниқ зарба берган.

Сеулдаги манбаларга кўра, ракеталар Пхеньян атрофидаги Сунан ҳудудидан учирилган.

Бундан аввал КХДР ноябрь ойи бошида баллистик ракета синовларини ўтказган эди. Бу синовлар АҚШ Президенти Дональд Трамп минтақадаги ташрифи чоғида Ким Чен Ин билан учрашиш истагини билдирганидан тахминан бир ҳафта ўтиб амалга оширилган. Пхеньян бу таклифга жавоб бермаган

Октябрь ойида АҚШ Жанубий Корея учун атом энергиясида ишлайдиган сувости кемаси қуришини маълум қилди. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трамп Сеулга ташрифи чоғида айтган.

“Бизнинг ҳарбий иттифоқимиз ҳеч қачон бугунгидек мустаҳкам бўлмаган. Шуни инобатга олган ҳолда, мен уларга ҳозир фойдаланилаётган эски ва манёври чекланган дизел сувости кемалари ўрнига атом сувости кемаси қуришга рухсат бердим”, деб ёзган Трамп 29 октябрь куни Truth Social ижтимоий тармоғида.

Шу билан бирга, “The New York Times” газетаси 25 декабрь куни КХДР атом қувватига эга илк сувости кемасининг фотосуратларини намойиш этгани ҳақида хабар берди. Экспертлар таъкидлашича, икки Корея ҳам тез суръатда қуролланиш пойгасига тортилиб бормоқда, Шунингдек, Шимолий-Шарқий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳам мудофаа харажатларини оширмоқда.

“Ҳеч қандай шубҳа йўқ – биз аллақачон қуролланиш пойгаси ичидамиз. АҚШ иттифоқчилари орасида Америка хавфсизлик кафолатлари борасида хавотир кучайиб бормоқда”, деган Сеулдаги Кунмин университети профессори, тарихчи ва халқаро муносабатлар бўйича мутахассис Андрей Ланков.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Ким Чен Ин ракета КХДР

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг