“Кишанлар узилди”. Аш-Шара Трампга раҳмат айтди
Олам
−
16:40 888 2 дақиқа
Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара АҚШ томонидан мамлакат “терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар” рўйхатидан чиқарилгани муносабати билан АҚШ Президенти Дональд Трампга видеомурожаат орқали миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда Сурия президенти X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Аввалроқ, АҚШ Молия вазирлиги Сурия 1979 йилдан буён бўлиб келган “терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар” рўйхатидан расман чиқарилганини маълум қилганди.
Аҳмад аш-Шара ўз мурожаатида Суриянинг ушбу рўйхатдан расман чиқарилгани билан мамлакат халқини табриклаган ва Трампга “ушбу тарихий қарор” учун миннатдорлик билдирган.
Сурия Президенти АҚШ Молия вазирлигининг қарордан кейин берган ёзма баёнотида Сурия оғриқли ўтмишини ортда қолдириб, тараққиёт, тикланиш ва бунёдкорлик йўлига қадам қўяётганини айтган. Унинг айтишича, Сурия халқи санкцияларнинг бекор қилиниши ва чекловларнинг тугатилиши натижасида яна бир муҳим ғалабага эришган.
Шунингдек, у видеомурожаатида Сурия елкасидаги “қора доғ”ни ўчириб, оғриқли ўтмиш саҳифасини ёпаётганини айтган.
“Бугун Сурия елкасидаги қора доғни ўчириб, ўз қўллари билан оғриқли ўтмиши саҳифасини ёпмоқда ва тараққиёт, тикланиш ҳамда бунёдкорлик йўлига қадам қўймоқда. Буюк Сурия халқи, сиз яна бунга эришдингиз. Сизга нисбатан санкциялар бекор қилинди ва кишанлар узилди. Яратгандан сизларга хизмат қилишимиз учун бизга ёрдам беришини сўрайман”, деган у.
У, шунингдек, Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампга ҳамда улар билан ёнма-ён турган барча дўстона ва қўллаб-қувватловчи давлатларга самимий миннатдорлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Аҳмад аш-Шараа Туркия ва Саудия Арабистони ўтган йили мамлакатга қарши санкцияларни бекор қилиш бўйича воситачилик қилганини, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса бу масалада АҚШ раҳбарияти билан музокаралар олиб борганини айтганди.
Live
Барчаси