АҚШ Сурияни терроризм ҳомийлари рўйхатидан чиқарди
Олам
−
09:01 426 2 дақиқа
АҚШ Сурияни терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатидан чиқарди ва бу қарор мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилишдаги асосий тўсиқлардан бирини бартараф этди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, қарор АҚШ Конгрессидаги 45 кунлик кўриб чиқиш жараёни якунланганидан сўнг кучга кирган. Президент Дональд Трамп Сурияни рўйхатдан чиқариш нияти ҳақида Конгрессни жорий йил 8 июль куни расман хабардор қилган эди.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио қарор Сурия Президенти Аҳмад аш-Шараа ҳукумати халқаро терроризмдан узоқлашиш бўйича амалга оширган чоралар ва олган мажбуриятлари инобатга олинган ҳолда қабул қилинганини айтган.
Сурия Ташқи ишлар вазири Асъад аш-Шайбони бу қарор мамлакатнинг жаҳон молиявий ва иқтисодий тизимига қайта интеграциялашувига, инвестициялар оқимини оширишга ёрдам беришини билдирган. Унинг таъкидлашича, энди Сурияда инвестиция киритиш, бизнес юритиш ва иқтисодиётни тиклаш йўлидаги асосий тўсиқ бартараф этилди.
Маълумот учун, Сурия 1979 йилдан буён АҚШнинг терроризм ҳомийлари рўйхатида эди. Вашингтон ўша вақтда собиқ президент Ҳофиз Асад ҳукуматини қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватлашда айблаган. Бу мақом унинг ўғли Башар Асад даврида ҳам сақланиб қолган. Башар Асад 2024 йил декабрь ойида Аҳмад аш-Шараа бошчилигидаги исёнчилар томонидан ҳокимиятдан ағдарилган.
АҚШнинг ушбу рўйхатида энди Куба, Эрон ва Шимолий Корея қолди. Рўйхатда бўлиш АҚШнинг ташқи ёрдами, мудофаа маҳсулотлари экспорти ва айрим молиявий операцияларга чекловлар қўйилишига сабаб бўлади.
Трамп маъмурияти 2025 йил июль ойида Сурияга нисбатан кенг қамровли санкцияларни бекор қилган, бироқ Башар Асад ва унинг яқинлари, ҳуқуқбузарликларда айбланган шахслар, наркотрафикчилар, ИШИД ва “Ал-Қоида”га алоқадор гуруҳлар ҳамда Эрон вакилларига нисбатан мақсадли санкцияларни сақлаб қолган эди.
Сурия ҳукумати қарийб 14 йиллик урушдан кейин мамлакатни тиклаш учун миллиардлаб доллар инвестиция жалб қилишга умид қилмоқда. АҚШнинг терроризм ҳомийлари рўйхатидан чиқариш қарори эса банклар ва инвесторлар учун ҳуқуқий ва молиявий хавфларни камайтириши кутилмоқда.
Вашингтон ва Дамашқ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик сўнгги ойларда кучайган. Сурия Молия вазирлиги Bank of America ва бошқа молиявий ташкилотлар билан халқаро молия тизимига қайта қўшилиш масалалари бўйича музокаралар олиб бораётганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Сурия раҳбари Аҳмад аш-Шараа билан жорий йилнинг июль ойида Анқарада учрашганидан сўнг рўйхатдан чиқариш жараёнини бошлаган эди. Вашингтон аш-Шараа ҳукуматининг ИШИДга қарши ҳамкорлигини ижобий баҳолаб, чекловларни юмшатиш Сурияга барқарорлашиш, инвестиция жалб қилиш ва мамлакатни қайта тиклаш имконини беришини билдирган.
Live
Барчаси