Ким Путинга “жанговар салом” йўллади
Олам
−
01 Март
11124Жорий йилнинг 27 февраль куни Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси сиёсий бюроси аъзоси Ли Хи Ён Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиб, унга КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг “жанговар саломи”ни етказди. Бу ҳақда Корея Марказий телеграф агентлиги хабар берди.
“Ўртоқ Президент Путин КХДР Давлат ишлари бўйича раиси ўртоқ Ким Чен Инга энг самимий сўзлар ва эзгу тилакларни етказишни сўради. Ўртоқ Ли Хи Ён Владимир Путинга Ким Чен Ин томонидан йўлланган жанговар саломни ҳурмат билан етказди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, учрашув дўстона руҳда ўтган. Путин Шимолий Кореянинг Россияни қўллаб-қувватлаётганидан миннатдор эканини билдирган. Агентлик маълумотига кўра, Россия Президенти учрашув давомида икки давлатни “жанговар биродарлик ришталари ва мустаҳкам дўстлик анъаналари” боғлаб туришини таъкидлаган.
Путиннинг сўзларига кўра, 2024 йил Россия ва КХДР ўртасидаги муносабатлар учун тарихий йил бўлган. Чунки ўша йилнинг июнь ойида ҳар томонлама стратегик ҳамкорлик шартномаси имзоланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакат ядровий кучларининг жанговар тайёргарлигини ошириш зарурлигини ва ядро қуролидан фойдаланишга тўлиқ тайёр бўлишга чақирган эди.
LiveБарчаси