Ким Чен Ин ядровий тайёргарликни оширишни буюрди
Олам
−
28 Февраль 2025 3459 2 дақиқа
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакат ядровий кучларининг жанговар тайёргарлигини ошириш зарурлигини ва ядро қуролидан фойдаланишга тўлиқ тайёр бўлишга чақирди. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, давлат раҳбари ушбу сўзларни стратегик қанотли ракеталарни синовдан ўтказиш чоғида айтиб ўтган.
“Бу Шимолий Кореянинг 2025 йил бошидан бери тўртинчи ракета синови. Уларнинг мақсади мамлакат армиясининг ҳужумга ўтиш қобилиятини ва КХДРдаги хавфсизлик ҳолатини жиддий равишда бузаётган душманларга қарши турли ядро қуролларининг жанговар тайёргарлигини намойиш этишдир”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Ким Чен Ин машғулотлар натижасидан мамнунлигини билдириб, КХДР ядровий тўхтатувчи кучлари ишончлилиги ва фойдаланишга яроқлилигини таъкидлаган.
Шунингдек, у КХДРнинг жанговар тайёргарлигини изчил оширишни КХДР ядровий кучларининг масъулиятли миссияси деб атаган.
“Ядро қуролли кучларининг жанговар тайёргарлигини янада изчил ошириш, улардан фойдаланишга ҳар томонлама тайёр бўлиш ва шу тариқа ишончли ядро қалқони билан давлат суверенитети ва хавфсизлигини абадий ҳимоя қилиш республика ядро қуролли кучларининг масъулиятли миссияси ва бурчидир”, деган Шимолий Корея раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ким Чен Ин ядровий материаллар ишлаб чиқариш базаси ва ядровий қурол тадқиқот марказига ташрифи чоғида Шимолий Корея ортиб бораётган ташқи таҳдидлар фонида ядровий қарама-қаршиликка тайёрлигини ошириши кераклиги ҳақида гапирганди. Унинг айтишича, ядровий ишлаб чиқаришни кучайтириш ва мамлакат ядро қалқонини мустаҳкамлашда инновацион натижаларга эришиш жуда ҳам зарур.
Live
Барчаси