“Киберҳужумни биз эмас, сиз қиласиз” – Россия АҚШга жавоб қайтарди ва дўстона қўл узатди

Олам

image
0:00
0:00
download

Россиянинг АҚШдаги элчихонаси АҚШ Давлат департаментининг Москванинг Украинанинг муҳим инфратузилмасига киберҳужумларга алоқадорлиги ҳақидаги баёнотларини абсурд деб атади. Шу билан бирга, Россия Федерацияси АҚШ билан ахборот хавфсизлиги бўйича тенг ҳуқуқли, профессионал ва сиёсийлаштирилмаган мулоқотга тайёр эканлигинимаълум қилди. Бу ҳақда ТАСС ёзмоқда. 

“Биз Давлат департаментининг Россиянинг Украинанинг муҳим инфратузилмасига киберҳужумларга алоқадорлиги ҳақидаги баёнотига эътибор қаратдик. Бундай баёнотлар бемаъни ва ҳақиқий вазиятдан узоқда. Мамлакатимиз ҳеч қачон кибертажовуз билан шуғулланмаган. Бу Россиянинг принципиал позициясига зид келади”, дейилади Россия дипломатик ваколатхонаси шарҳида. 

Қайд этилишича, расмий Москва ахборот-коммуникация технологияларидан фақат жаҳон ҳамжамиятининг ривожланиши манфаати учун фойдаланиш тарафдори. 

“Россия Федерацияси "ахборот хавфсизлигининг кенг кўламли долзарб масалалари бўйича АҚШ билан тенг ҳуқуқли, профессионал ва сиёсийлаштирилмаган мулоқотга тайёр. Биз амалий ҳамкорлик учун каналларни очиқ тутамиз. Америкалик ҳамкасбларимиз бундан хабардор”, дейилади элчихона баёнотида. 

Россиянинг Вашингтондаги дипломатик миссияси шарҳида таъкидланишича, Давлат департаменти Қўшма Штатлар глобал кибертаҳдидларнинг асосий манбаларидан бири эканлигини тан олишни истамайди. 

"Компьютер ҳужумларининг аксарияти бошқа мамлакатлардаги, жумладан Россиядаги муҳим инфратузилма объектларига айнан Америка ҳудудидан амалга оширилади. Биргина сўнгги олти ой ичида бизнинг ваколатли бўлимларимиз Қўшма Штатлар юрисдикциясидан зарарли ҳаракатлар ҳақида 500 га яқин хабарномалар юборди”, дейилади шарҳда. 

Россия элчихонаси америкаликларнинг сўзсиз розилиги билан Киев режими дунёда 300 мингга яқин аскардан иборат биринчи кибер армияни фаол равишда яратаётганини эслатган. 

“Вашингтон Россиядан хаёлий таҳдид излаш ўрнига, Россия Федерациясига қарши очиқдан-очиқ киберсаботажни режалаштираётган ва амалга ошираётган Киевдаги ўз палаталарини жиловлаши керак. Украина хакерлари фақат бизнинг мамлакатимизга қарши провокациялар билан чекланиб қолмай, Ғарб давлатлари инфратузилмаси кучини синаб кўришга уринишлари мутлақо мумкин. Улар "сохта байроқ" деб аталадиган операцияларни амалга оширадилар”, дейилади баёнотда. 

Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтларда АҚШ ва Европа мамлакатлари Россияни Украинага қарши киберҳужумда айбламоқда. Куни кеча Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель бутун Ҳамжамият номидан Кремль томонидан уруш бошланишидан бир соат олдин Россиянинг Украинага қилган киберҳужумини қоралайдиган декларация эълон қилган. 

Боррелнинг эслатишича, киберҳужум Россиянинг жорий йилнинг 24 февралда Украинага асоссиз бостириб киришидан бир соат олдин содир бўлган.

ЕИ вакилига кўра, киберҳужум Украинадаги бир қанча давлат идоралари, корхоналари ва алоқа узилишларига сабаб бўлган, шунингдек Европа Иттифоқига аъзо бир қанча давлатларга жиддий таъсир кўрсатган.

Украинага уюштирилган киберҳужум Германиядаги 5800 шамол турбинасини бошқарувчи модемларни ёпиб қўйган, шунингдек Франция, Италия, Венгрия, Греция ва Польшадаги баъзи бир компанияларнинг мижозлари зарар кўрган. 

Боррелнинг фикрича, бундан кейинги Украинага, жумладан, унинг муҳим инфратузилмасига қаратилган киберҳужумлар “бошқа мамлакатларга ҳам тарқалиши ва Европа фуқаролари хавфсизлигига таҳдид солувчи тизимли оқибатларга олиб келиши” мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-АҚШ

Баҳолаганлар

166

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг