Хўрланган, зўрланган, ўлдирилган... Зулмга дучор бўлган йил болалари

Таҳлил

image

Бугун, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Аслида болалар ҳимояси, ҳуқуқлари ҳақида йилнинг айнан маълум бир кунида эмас, балки ҳар бир соатда, ҳар бир дақиқада қайғуриш ўта муҳимдир. Ҳар доим ҳукумат йиғилишларида, турли хил халқаро анжуманларда болаларни асраш ва уларнинг ҳуқуқларини поймол қилмаслик ҳақида баралла гапирилади. Ўзбеклар болажон халқ эканлиги мақталиб, бир болага етти маҳалла ота-она бўлиши кераклиги урғуланади. Аммо Ўзбекистонда болалар ҳуқуқлари амалда нечоғлик таъминланмоқда? Бу йўналишдаги муаммо, камчилик ва хатоларга кўз юмилмаяптими?

Сўнгги маълумотларга қараганда Ўзбекистонда 14 ёшгача бўлган болалар сони 10,5 млн дан зиёдни ташкил этмоқда.

Статистикага кўра, 2022 йилга келиб болаларга нисбатан жинсий эксплуатация ва зўравонликнинг олдини олиш халқаро индексида Ўзбекистон олдинги йилга нисбатан 7 поғонага пастлаган, яъни 59 давлат ичидан 58-ўриндан жой олган.

Ҳа, бу ўрин қайсидир маънода Ўзбекистонда болалар ҳуқуқи соҳаси қай даража эканини кўрсатиб беради. Бугун йилнинг олтинчи ойи бошланди. Шу қисқа вақт ичида Ўзбекистонда қанчадан қанча болалар зўравонлик, қотиллик, номусга тегиш каби жиноятларнинг қурбонига айланди. Бугун QALAMPIR.UZ ушбу мақолада катталарнинг қурбонига айланган бегуноҳ йил болалари ҳақида сўз юритади.

Боғчадаги даҳшатлар

Одатда болалар боғчалари деганда кўз ўнгимизга хавфсиз, гўдаклар кулгусига тўла жой келади. Аммо ҳар доим ҳам тасаввур қилганларимиз ўйлаганимиздек бўлиб чиқмайди. Чилонзордаги боғчалардан бирида шилқимликка учраган қизалоқлар воқеаси жамоатчилик орасида кўплаб норозиликларга сабаб бўлди. Хўш, воқеа қандай юз берганди? Чилонзор туманида жойлашган 230-сонли мактабгача таълим ташкилотида 4 нафар қизалоқ тегажоғлик қурбонига айланди. Боғча мудирасининг 11-синф ўғли 4 нафар қизчани ухлашга ётганидан сўнг, уларга турли хил тегажоғликлар қилган. Қаршилик билдирган болаларни эса қўрқитган. Ушбу ҳолатдан жабрланувчи қизчаларнинг ота-оналари хабар топиб, ички ишлар органларига мурожаат қилган. Шундан сўнг 15 ёшли йигитга Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан иш очилди. Бундан ташқари, боғча мудираси ҳам ишдан олинди. Хўш, бу билан жабрланувчи болаларнинг руҳий ҳолати аввалгидек бўладими, уларнинг ота-оналари фарзандларини яна боғчаларга ишониб топшира оладими?

Бундан ташқари, боғчада болалар “боғча опа”ларидан калтак еяётгани, қийноққа солингани ҳақида ҳам тез-тез эшитамиз. Эҳҳе, шунга ўхшаш воқеаларни санашга бармоғимиз етмай қолди. Бундай ҳолатларнинг жамиятда кўп учраётгани мактабгача таълим ташкилотлари соҳаси ислоҳотга муҳтож эканини кўрсатиб беради.

Муслима воқеаси

Тошкентда январь ойи охирида кўпчиликнинг қалбини ларзага солган воқеа юз берди. Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қиз мактабдан қайтаётганида қўшниси бўлган эркак уни кузатиб келиб, алдаб маҳалласидаги ташландиқ жойга олиб кетган. 29 ёшли эркак вояга етмаган қизни аввал зўрлаб, кейин ўлдириб кетади.

Қиз келавермаганидан сўнг унинг оиласи хавотирга тушиб, қидира бошлайди. Воқеадан бехабар ота-онага қотил ҳам қизни излашда ёрдам беради ва тўғри йўлдан чалғитиб бошқа томонларга йўналтиради. Тасаввур қиляпсизми, қотил ҳеч нима бўлмагандай хотиржам ҳолда шунчаки оилани манзилидан адаштириб юборади.

Боласини зўрлаб ўлдирилган ҳолда топган онанинг аҳволи эса қалбларни жунбушга келтирди.

Ҳа, бу воқеадан сўнг қотил эркак жиноий жавобгарликка тортилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Аммо Муслима энди орамизда йўқ…

Хоразмлик педофил амалдорлар қиссаси

Меҳрибонлик уйи. Бу сўзни эшитганимизда хаёлимизга ота-онасидан етим қолган, турли хил сабаб билан ташлаб кетилган давлат ҳимоясидаги болалар келади. Аммо “Онангни қози сўкса, додингни кимга айтасан?” деганларидек, “давлат”нинг ўзи уларга хиёнат қилса, кимга ишониш керак?

Хўш, Хоразмда рўй берган педофил амалдорлар қиссаси қандай бошланганди?

Гап шундаки, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Айбек Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Анвар Қурязов вилоят Халқ таълим бошқармасига қарашли Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари Ю.X. билан тил бириктириб, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини мунтазам равишда зўрлаб келган. Муттасил тарзда зўрлаб келинган меҳрибонлик уйининг 3 нафар қизлари вояга етмаган бўлиб, 15-17 ёшли қизлар бўлган. Уларнинг “катта ойи”си мажбурлаб, икки амалдорнинг қўлига топширган. Бунга рози бўлмаган қизларни эса меҳрибонлик уйи директори турли хил қийноқларга солган. Масалан, қизлардан бирининг укасини калтаклаган, яна бирини эса хонага қамаб, оч қолдирган.

Ушбу жирканч ҳолат 2022 йилда юз берган бўлиб, суд жараёни ими-жимида ўтказиб юборилган. Жиноятчиларга суд томонидан берилган жазо эса одамни ҳам йиғлашга, ҳам кулишга мажбур қилади. Яъни Айбек Машарипов ва Анвар Қурязовга нисбатан 1 йилу 6 ойдан озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Тушуняпсизми, икки амалдор бир неча вояга етмаган қизларнинг ҳаётини қора саҳифага булғагану, лекин улар атиги 1 йилдан ошиқ уй қамоғида (шу ҳам бўлса тунда уйидан чиқмаслик) ўтириш жазосини олган.

Қизларнинг “катта ойи”си эса 5 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан кифояланган.

Бу воқеадан жамоатчилик хабар топгандан сўнг амалдорларнинг иши Тошкентдаги судда қайта кўриб чиқиладиган бўлди. “Урушдан сўнг қаҳрамонлар кўпаяди” деганларидек, бу ҳолатдан кейин бир неча амалдорлар педофилларни ёмонлаб чиқди. Аммо энди қизларнинг руҳий ва жисмоний ҳолати аввалгидек бўладими, жамиятда ўзларини эркин ва хавфсиз ҳис қила оладими? Бу бизга қоронғу, аммо бу воқеа жамиятнинг қора нуқтасига айланди.

Сергели фожиаси

Хўш, юқоридаги воқеада болаларга уларнинг қўштирноқ ичидаги “катта ойи”си хиёнат қилиб, уларни педофилларни қўлига топширганди. Эҳ, шу қизларнинг ота-онаси бўлганда бу мудҳиш воқеалар юз бермаган бўларди дейишингиз мумкин. Аммо ота-оналар ҳам ўз болаларининг қотилига айланиши мумкин.

Жорий йилнинг 3 апрель куни Тошкент шаҳар Сергели туманида 27 ёшли аёл 3 нафар фарзанди билан ўзини 9-қаватдан пастга ташлаган эди.

Бу воқеада ҳеч ким тирик қолмади. Тасаввур қиляпсизми, онанинг бу қарори билан нафақат ўзи, балки 3 келажак авлод ҳам ҳалок бўлди. Ушбу фожиа жамиятда катта резонансга сабаб бўлди. Баъзилар онани, баъзилар уларга эътибор бермаган отани танқид қилиб чиқди. Шунингдек, жамоатчилик онанинг бу ҳолатга келиши руҳий босимлар туфайли юз берганини ҳам таъкидлади. Аммо аёл биринчи навбатда она эди, у ҳали ҳаётнинг тўла қувончини кўрмаган жигарбандларининг умрига зомин бўлмаслиги керак эди. Бу ҳолатга аслида нима сабаб бўлгани бизга қоронғу. Аммо уч нафар гўдак катталарнинг қурбонига айланди.

Нима қилиш керак?

2022 йилги статистика маълумотларига кўра, Ўзбекистонда гўдаклар ўлими бўйича коэффициент 8,7 фоизни ташкил қилади. Хоразм ва Андижон вилоятларида энг кўп болалар ўлими кузатилган. Шунингдек, беш ёшга тўлмасдан вафот этиш кўрсаткичи ҳар 1000 нафар янги туғилган чақалоққа нисбатан 25 тани ташкил этади.  Йиллар бўйича статистикага қарасак, ҳолат яхшиланиб борган. Аммо бу натижа билан мақтана олмаймиз. Хўш, Ўзбекистонда болалар ўлимини камайтириш, улар яшаётган жамиятни хавфсиз қилиш учун нималар қилиш керак?

Умуман олганда болалар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳимоясини кучайтириш, ўлим ҳолатларини камайтириш учун биргина аспект етарли бўлмайди. Биринчи навбатда туғилиш ва оилани режалаштиришни тўғри йўлга қўйиш керак. Оилада меҳр ва эътибор, моддий таъминлаш тенг тақсимланиши керак. 

Шунингдек, оналар ва болаларнинг жисмоний, руҳий саломатлиги назоратда бўлиши, болалар озиқланиши таъминланиши зарур. Болалар таълими ва тарбиясида ҳам онанинг, ҳам отанинг тенг иштирок этиши муҳим масаладир. 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, энг муҳим жиҳатлардан бири бу мамлакатда вояга етмаганлар ҳуқуқини таъминловчи, уларни ҳимоя қилувчи қонунларнинг амалда ишлашидир.


Мақола муаллифи

Теглар

педофил амалдорлар Сергели фожиаси Муслима воқеаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made