Деразадан қараб турган экан, ойна бўйнини кесиб кетибди – Сергелиликлар портлаш ҳақида

Интервью

Хабарингиз бор, бугун, 28 сентябрь куни соат 02:43 да Тошкент шаҳар Сергели тумани "Қурувчилар" даҳасида жойлашган “Inter Logistics” МЧЖга қарашли омборхонада кучли портлаш содир бўлди. 

Портлаш оқибатида ҳудуддаги 26 та кўп қаватли уйнинг 592 та хонадони, 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, 1 та мактаб ва 2 та боғча биноларининг фасад қисми ҳамда дераза-ромларига зарар етган. Шунингдек, ҳудуддаги 24 та кўп қаватли уй ва 25 та ҳовлининг фасад, ойна-ром ва том қисми зарар кўрган. 

Хўш, портлаш содир бўлган омборга яқин жойлашган уйларда истиқомат қилаётган фуқаролар ярим тунда содир бўлган ушбу фожиани қандай эслаб қолди? QALAMPIR.UZ зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, воқеага гувоҳ бўлганларга микрофон тутди. 

“Балконда телевизор кўриб ётгандим. Соат 03:00 ларга яқин эди, соатга қарамадим. Нимадир банғиллади. Мен ўйладимки, ташқарида “склад”га яқин жойда машиналар урилиб кетган. Деразадаги пардани очсам, тепада шар кўринди ва яна ёна бошлади. Уйдагиларни уйғотдим ва олов кучайиб кетмасин деб ташқарига чиқишга ундадим. Кейин хонамга кириб кийимларимни алмаштираётган пайтим балконга хотиним келди ва нима бўлганини сўради. Ўша пайтда ромни кесакиси менга урилди. Шу пайт портлаш зарби иккимизни йиқитиб юборди.

Фарзандларимга ҳеч нима қилмади. Улар бошқа тарафда эди. Учта эшик йиқилди. Мени юзимга шикаст етди. Турмуш ўртоғим ҳозиргина укол олди. Уни шифохонага олиб боришди. Унинг оғриғи қолмаяпти”, дейди кўп қаватли уйлардан бирида истиқомат қилиб келаётган аҳоли вакилларидан бири Собир Солиҳов.

Портлаш содир бўлган жойга Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов, Бош вазир Абдулла Арипов етиб борди. Шундан сўнг, Шавкат Умрзоқов портлаш зарарлари қопланишини маълум қилди.

“Тунда уйғониб кетдим. Қарасам кучли ёнғин. Мен уйдагиларни уйғотдим ва ташқарига чиқдим. Мен буни ракета деб ўйлагандим. Худога шукур, бизга ҳеч нарса бўлмади. Қўшниларим жабрланган ва яраланган эди. Дарҳол тез ёрдам келди, сув беришди. Шифохонадан чиқиб уйга қайтдик. Ойналарни тозалаб, ҳамма ишни қилиб қўйишган экан”, дейди рус миллатига мансуб кекса онахон.

Кейинги суҳбатдошимиз Жамшиджон Алиев эса бу ҳудудда истиқомат қилмайди. Унга ярим тунда, портлаш содир бўлгач, омборхонанинг рўпарасидаги уйда оилавий яшаб келаётган синглиси қўнғироқ қилган ва ёрдамга чақирган.

“Воқеа тахминан соат 3 ларга яқин бўлди. Бу синглимнинг уйи. Бизга “Портлади, ҳамма жойимиз қон, ёрдам беринглар” деб хабар беришди. Унгача қўшнилар келиб эшикни очишган. Келсак, шу аҳвол: ҳамма ер қон. 

Синглим ва унинг оиласини тез ёрдам машинаси олиб кетган. Хўжайинининг оёғи ва қўли кесилиб кетган. Синглимнинг ҳам қўли кесилган. Боласининг озгина тирналган жойи бор. Ҳозир аҳволи яхши. Шифохонадан қайтишди ва уларни бошқа уйга жўнатиб юбордик. Машинасининг томи тешилиб, олд ойнаси синган”, дейди синглисининг аҳволидан хавотирда қолаётган ака.

Фожиавий портлаш оқибатида 17 яшар бола ҳалок бўлди. QALAMPIR.UZ манбаси берган маълумотларга кўра, у тумандаги 305-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Аброрхўжа Аббосхўжаев. 

Бола портлаш содир бўлган вақтда ўз уйида, хонанинг деразага яқин қисмида ухлаётган бўлган. Қўшнилар воқеани қуйидагича изоҳлади: 

“Биз ер қимирлаяпти деб ўйладик. Икки келиним, бола-чақам билан кўчага отилиб чиқдик. Қўшниларимизнинг ҳаммаси яхши, болаларим ҳам соғ, фақат битта қўшнимнинг 11-синф боласи вафот этди. Деразадан қараб турган экан, ром бўйнидан кесиб кетибди. Шифохонага етиб бормай, вафот этибди. 

Нима бўлганини ўзимиз ҳам билмаймиз. Кечаси соат 1:30 да бошланган эди. Мен билан яна бир қўшнимнинг юраги безовта бўлиб, тобимиз қочди. Шифокорлар келиб, ёрдам кўрсатди”, дейди 72 яшар Маҳсума ая. 

Тунда юз берган портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” ва ”б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

“Соат 2:30 ларда келиб ётдим. Соат 03:00 га яқин энди ухлаган эканман, сирена овозини эшитдим. Мен “ГАИ” деб ўйладим. Шу пайт гумбурлаб, олов билан келиб, ром-ойналар ҳаммаси устимга қулади. Дод дедим. Қизим чиқиб қолди. Қарасам, ҳаммаёғим қон. Кейин пастга тушдик. Ҳамма халқ пастга тушди. Пастга тушгандан кейин, 16-шифохонага олиб боришди”, дейди бошидан жароҳатланган отахон.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотларга кўра, ушбу ҳодиса оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда. Шундан жами 24 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Тошкент вилояти филиали, Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдами шифохонаси, 1-сонли Республика ва 1-сонли шаҳар клиник шифохоналари ҳамда 1-сонли шаҳар туғуруқхонасига ётқизилган. 

Қолган 138 нафар жабрланган аҳоли вакилининг саломатлиги яхши бўлганлиги учун амбулатор тиббий ёрдами кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.  


Мақола муаллифи

Теглар

Сергели фожиаси Сергелидаги портлаш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг