Олий суд педофил амалдорлар нега манзил-колонияга жўнатилганини изоҳлади
3-саҳифа
−
20 Февраль
15215Аввалроқ, Хоразмда меҳрибонлик уйи қизлари билан жинсий алоқа қилган собиқ мансабдорлар жазони ўташ учун қаттиқ тартибли қамоқхонага эмас, балки манзил-колонияга юборилгани кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганди. Бугун, 20 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Олий суд раиси ўринбосари Икромжон Муслимов эътирозларга сабаб бўлаётган мазкур ҳолатни изоҳлади.
Унинг айтишича, ҳолат очиқланганидан сўнг, ишни янгидан апелляцияга юбориб, жиноятчиларнинг ҳаракатида зўрлик ишлатиб номусга тегиш аломатлари бор ёки йўқлигига аниқлик киритиш масаласи қўйилган.
“Бу масала қўйилгандан кейин холисликни таъминлаш мақсадида ишни Тошкент шаҳар судига олиб бердик, Тошкент шаҳар суди 416-, 417- моддалар тартибида шу ҳаракатда зўрлик аломатлари бор ёки йўқлигини текшириш масаласини қўйди. Прокуратура органлари уларнинг ҳаракатида бу аломатлар йўқ, деганидан кейин судларимиз эълон қилинган айб доирасида жазо тайинлашга мажбур бўлди. Алоҳида таъкидламоқчиманки, эълон қилинган айблов доирасида максимал жазо тайинланди. Қонунда назарда тутилган 3 йиллик жазони бердик”, дейди Олий суд раиси ўринбосари.
Шунингдек, Муслимов жиноятчилар жазони нега манзил-калонияда ўтаётганини ҳам тушунтирди.
“Жазони ўташ тартибига келадиган бўлсак, бу судьянинг қўлидаги масала эмас. Бу қонунда қатъий белгилаб қўйилган ҳолат. Жиноят тўртга бўлинади: ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган, оғир ва ўта оғир жиноятларга. Қонунда биринчи марта ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноят содир қилган шахсга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланса, уни манзил-колониясида ўташи қатъий белгиланган. Уни суд мен хоҳладим қаттиқ тартибда, мен хоҳладим умумий тартибда, деб белгилаб беролмайди. Шу сабабли, қонун талабидан келиб чиққан ҳолда юқорида қайд қилинган шахсларга жазони манзил колониясида ўташ белгиланган”, дейди Муслимов.
Олий суд раиси ўринбосарининг аниқлик киритишича, жиноятчилар ҳозирда Самарқанд вилоятидаги 37- ва 38- манзил-колонияларида жазо ўтамоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар судлари ҳам мазкур жиноятчилар Жиноят кодексининг 50-моддасига мувофиқ, жазони манзил-колонияларда ўтаётганини маълум қилганди. Жиноятчиларга нисбатан Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 3 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
LiveБарчаси