Деновда уйи буздирилган фуқаро аввал бир неча бор огоҳлантирилган – Олий суд (видео)
Жамият
−
10 август 1750 3 дақиқа
Куни кеча Сурхондарё вилоятининг Денов туманида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонининг бир қисми ўзбошимчалик билан эгалланиб, у ерда қурилган уй-жой ва бошқа ноқонуний қурилмалар буздирилгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Шундан сўнг, кеча, 9 февраль куни вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов уй эгалари билан учрашиб, суҳбат ўтказганди.
Бугун, 10 август куни эса мазкур ер аслида бошқа бир тадбиркорга тегишли экани, ерни бўшатиш учун жойдан фойдаланувчиларга қарийб 2 йил вақт берилгани ва бу орада суд уларга қонун бузилиши юзасидан чора кўргани ҳамда тафтиш инстанцияси “инсонпарварлик” нуқтаи назаридан суд қарори ижросини тўхтатиб бергани маълум қилинди. Бу ҳақда Олий суд раисининг матбуот котиби Азиз Обидов ҳолат юзасидан эълон қилинган расмий баёнотида сўз очди.
Қайд этилишича, фуқаролар Абдусалом Аҳмадов ва Насиба Чориева Денов тумани Ғалаба массиви “Чуқурқишлоқ” маҳалласида жойлашган “Раҳмон Тараққиёт Омад” чорвачилик-буғдойчилик корхонасига тегишли суғориладиган экин ер майдонидан ўзбошимчалик билан уй-жой ва ёрдамчи биноларни қурган. Суднинг қарори билан эса ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонида қурилган уй-жой ва ёрдамчи биноларни жавобгарлар томонидан ёки уларнинг ҳисобидан мажбурий тартибда буздириш ва ер майдонини асл ҳолатига келтириш белгиланган.
“Нима учун айнан шундай қарор чиқарилган? Чунки суғориладиган ер давлат мулки бўлиб, шахсий мулк бўла олмайди”, дейди Обидов баёнотида.
Хусусан, Ер кодексига ва тегишли қонунчиликка, жумладан 2024 йил 5 августдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари фуқароларнинг хусусий мулкига ўтказилиши мумкин эмаслиги таъкидланган.
“Суғориладиган ер мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигининг асоси. Қишлоқ хўжалиги ерининг йўқолиши, демак, келажакда халқимизни озиқ-овқат билан таъминлаш манбаининг йўқолиши дегани”, деб айтган Олий суд матбуот котиби.
Азиз Обидовнинг сўзларига кўра, қонун бундай ерни фақат бугунги эҳтиёж учун эмас, келажак авлодлар манфаатини ҳам кўзлаб қаттиқ ҳимоя қилади. Суд буни ҳам асос сифатида кўрсатган.
Билдирилишича, жавобгарлар бу ерни ноқонуний эгаллаб, қуриш жараёнида масъул органлар, кадастр, маҳалла, ер тузиш хизмати томонидан бир неча маротаба огоҳлантирилган.
“Одамлар била туриб, огоҳлантиришга қарамай қурилишни давом эттирган. Суд бирданига буздириш деган қарорга келмайди. Аввало, ҳуқуқбузарликни бартараф этишнинг бошқа йўллари қўлланилади. Фақат бошқа барча йўллар натижа бермаганда, ер тоифаси мутлақо ўзгартириб бўлмайдиган суғориладиган ер эканлиги исботланганда, суд охирги чора сифатида бузиб ташлаш каби қатъий чорага мурожаат қилади”, дейди Азиз Обидов.
Шунингдек, унинг айтишича, мазкур ер расман “Раҳмон Тараққиёт Омад” корхонасига тегишли бўлган.
“Жавобгарлар ерни эгаллаб олиш билан фақат давлат манфаатини эмас, балки шу ердан қонуний фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган корхонанинг ҳам ҳуқуқини поймол қилган”, дейилади расмий баёнотда.
Шу билан бирга, Насиба Чориева суғориладиган ер участкасини ноқонуний эгаллаб олганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Обидовнинг таъкидлашича, суднинг қарори кучга кирган бўлса-да, 2026 йил 13 мартда тафтиш инстанцияси инсонпарварлик нуқтаи назаридан суд қарори ижросини тўхтатиб берган. Аризачига эса қонун бузилиши оқибатини ихтиёрий бартараф қилиш учун давлат томонидан салкам 2 йилга яқин имконият берилган.
“Ўрни келганда, барча фуқароларга эслатиб ўтишни жоиз деб топдик: Суғориладиган ер майдонларини ноқонуний эгаллаб, бинолар қуришнинг ҳуқуқий оқибатлари мавжуд. Чунки қонун ҳамма учун баробар ва бундай ер майдонлари қонун томонидан алоҳида муҳофаза қилинади”, деган Олий суд матбуот котиби.
Live
Барчаси