“Ижтимоий хавфи катта эмас”. Педофил амалдорларнинг нега “боши силангани” очиқланди
3-саҳифа
−
19 Февраль
12866Аввалроқ, Хоразмда меҳрибонлик уйи қизлари билан жинсий алоқа қилган собиқ мансабдорлар жазони ўташ учун қамоққа эмас, манзил-колонияга юборилгани, лекин жамоатчиликка бошқача маълумот берилгани аниқланди.
Хусусан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида мазкур масала юзасидан изоҳ талаб қилиб, пост қолдирганди. Тошкент шаҳар судлари эса бунга ўз расмий муносабатини билдирди.
Қайд этилишича, О.М. ва А.Қ. жиноят содир қилган вақтда амалда бўлган Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисмида (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 3 йилгача, 128−1-моддасида (Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсга моддий қимматликлар бериш ёхуд уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш) 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган бўлиб, Жиноят кодексининг 15-моддасига кўра, ҳар икки жиноят ҳам ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар таснифига киритилган.
Шу сабабли, О.М. ва А.Қ.га жиноят содир этилган вақтда амалда бўлган Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми ва 128−1-моддаси санкцияси доирасида жазо тайинланган.
Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 50-моддасида ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётганларга нисбатан жазони манзил-колонияларда ўталиши назарда тутилган.
Шу сабабли, жазони ижро этиш мақсадида О.М. ва А.Қ.нинг манзил-колонияларга жўнатилиши белгиланган.
“Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 3 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган О.М. ва А.Қ. ҳозирги кунда Самарқанд вилояти ҳудудида жойлашган манзил-колонияларда жазо муддатларини ўтаб келмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Хоразмдаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари (3 нафар қиз) 10 ой давомида вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи О.М. ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи А.Қ. томонидан зўрлаб келингани маълум бўлганди. Хива туман суди уларга нисбатан 1,5 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлаганди. Шунингдек, уларга шароит яратиб берган болалар уйи раҳбари 5 ярим йилга қамалганди. Уч нафар судланувчи ҳукм устидан Хоразм вилояти судига шикоят қилган, лекин апелляция инстанцияси ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.
Сарвар Хуррамов