Педофил амалдорлар иши нега айнан апелляция судида қайта кўрилади?
Интервью
−
06 Апрель 2023
10309Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати Хоразм вилоят прокуратурасининг Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи тарбияланувчиларини жинсий зўрлаганликда айбланиб судланган Хоразм вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган А.Машарипов ва Янгиер тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи бўлган А.Қурязовларга енгил жазо тайинлангани ҳолатлар юзасидан киритиган протестини қаноатлантирб, ушбу жиноят ишини янгидан апелляция инстанция судида кўриш учун юборди. Бу ҳақда Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов бугун, 6 апрель куни QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида маълум қилди.
“А.Машарипов ва А.Қурязовлар иши бугун, 6 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясида кўриб чиқилди. Хоразм вилояти прокурори киритган протестда апелляция суди ҳукмининг судланган А.Машарипов ва А.Қурязовларга оид қисмини бекор қилиб, жиноят ишини қайтадан кассация тартибида кўриш масаласи қўйилган.
Иш кассация тартибида кўриб чиқилиб, протестдаги важлар ўринли экани эътироф этилиб, биринчи инстанция ва аппеляция ишида текширилмай қолган ҳолатларни қайтадан кўриб чиқиш ва текшириш, айбланганларнинг айби бор-йўқлигини аниқлаш, айби бор деб топилган тақдирда ҳам уларнинг ҳаракатлари тўғри квалификация қилинган-қилинмаганини, тайинланган жазонинг қанчалик адолатли эканини аниқлаш мақсадида қайта кўриб чиқиш масаласи қўйилган ва ишни аппеляция тартибида кўриб чиқишга қарор қилинган”, дейди Олий суд раиси ўринбосари.
Икромжон Муслимовнинг айтишича, мазкур ишнинг апелляция тартибида кўрилганининг асосий сабаби судланган А.Машарипов ва А.Қурязовларнинг биринчи инстанция ҳукмига эътироз билдириб, айбсизлигини айтиб ёзган аризаси бўлган. Жабрланувчилар биринчи инстанция судининг ҳукми енгиллиги ёки бошқа сабаб билан апелляция тартибида шикоят келтирмаган. Шунингдек, прокурор ҳам суд ҳукмига эътироз қилмаган. Апелляция инстанцияси суди келтирилган шикоят доирасида, яъни Машарипов билан Қурязовнинг айбсизлиги ҳақидаги масалани кўриб чиқиб, “жазо тўғри тайинланган” деган ҳолда, ҳукмни деярли ўзгартишсиз қолдирган.
Биз Олий суд раиси ўринбосаридан жиноят иши нима учун кассация инстанциясида эмас балки, қайтадан апелляцияда тартибида кўрилаётгани ҳақида сўрадик.
“Суд терговни ўтказиш учун ваколатли бўлган 2 та инстанция бор: биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси. Кассация инстанцияси суд тергов ўтказмайди. Улар фақат ҳуқуқни текширади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, шикоят ёки протестда келтирилган важларни жиноят иши материялари асосида текшириб чиқиб, шу бўйича якуний қарор қабул қилади. Иш юзасидан қўшимча гувоҳларни сўроқ қилиш, далиллар тўплаш, экспертиза тайинланадиган ҳолатларни текшириш кассация инстанцияси ваколатига кирмайди. Шу сабабли жиноят ишини янгитдан апелляция инстанциясига юбориб, суд тергови ўтказган ҳолда, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш лозим бўлади.
Бир нарсани аниқ айтиш керак, судланаётган мансабдор шахс бўладими ёки оддий одам қонун ҳамма учун баробарлиги таъминланиши лозим. Жиноят ишини апелляция тартибида кўриб чиқишда айнан шу нуқтаи назардан келиб чиқишимиз керак. Мен Олий суд раиси ўринбосари сифатида иш бўйича судланган Машарипов ва Қурязовларни айби бор ёки йўқ, деган фикрдан йироқаман. Бир нарсани аниқ айтиш керак, уларнинг иккови ҳам биринчи инстанция суди ҳукми устидан айбсизлиги тўғрисида шикоят билан мурожаат қилишган. Албатта, у важлар ҳам текширилиши, меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини ҳам эшитиш лозим”, дейди Икромжон Муслимов.
Педофил амалдорлар қиссаси
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Хоразмда вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Айбек Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Анвар Қурязов вилоят Халқ таълим бошқармасига қарашли Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари Ю.Х. билан тил бириктириб, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини мунтазам равишда зўрлаб келган.
Ҳолат Жиноят ишлари бўйича Хива туман судида кўриб чиқилиб, 2022 йил 6 сентябрда ҳукм эълон қилинган.
Унга кўра, 1979 йилда Урганч шаҳрида туғилган, Хоразм вилояти Халқ таълим бошқармасига қарашли Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари бўлган Ю.Х. Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми “а” банди, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми “г” банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, 1 йилга муайян ҳуқуқдан, яъни давлат иштирокидаги корхона, ташкилот, муассасаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
1979 йилда Нукус шаҳрида туғилган, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган А.М. (Айбек Машарипов) ва 1984 йилда Янгиариқ туманида туғилган, Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган А.Қ. (Анвар Қурязов) Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва Жиноят кодексининг эски таҳрирдаги 128-1-моддаси (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 1 йилу 6 ойдан озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
А.М. ва А.Қ.нинг ҳимоячиси ҳамда Ю.Х. томонидан киритилган апелляция шикоятларига асосан ушбу жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилиб, Хоразм вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 декабрдаги ажримига кўра, жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг 2022 йил 6 сентябрдаги ҳукми билан судланувчиларга нисбатан тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилган.
Кейинчалик Адлия вазирлиги ҳолатга муносабат билдириб, ходимнинг ишдан олингани, эндиликда вазирликка алоқаси йўқ эканини маълум қилди. ФВВ ҳам ўз ходими ўтган йили тергов ишлари олиб борилаётган вақтда эгаллаб турган лавозимидан озод этилганини айтиб чиқди.
Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов педофилларга нисбатан кимёвий кастрация жазосини қўллаш вақти келгани ҳақида маълум қилди. Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири Саида Мирзиёева ушбу ҳолатни “хавотирли” деб атаб, Бош прокуратура синчковлик билан текширув ўтказиши кераклигини таъкидлади.
Бош прокуратура томонидан Хоразм вилоятидаги ҳолат билан боғлиқ жиноят иши бўйича чиқарилган суд ҳукми ва аппеляция инстанциясининг ажримлари қонунийлиги ўрганилган.
29 март куни судланган А.Машарипов ва А.Курязовларга енгил жазо тайинлангани ва бошқа ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси судига протест келтирилган.
LiveБарчаси