“Қарға қарғанинг кўзини чўқимас”. Педофил амалдорларнинг манзилли колонияга юборилгани маълум бўлди
3-саҳифа
−
16 Февраль
13910Аввалроқ, 2023 йил 3 ноябрь куни Хоразмдаги меҳрибонлик уйида қизларни зўрлаган амалдорларга оид жиноят иши бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинганди. Унга кўра, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси собиқ раҳбари Ойбек Машарипов 3 йилга ва Янгиариқ тумани ФВВ собиқ бошлиғи Анвар Қурязов 2 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Суд ҳукми ҳужжати билан танишган Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг маълум қилишича, ўша куни бўлиб ўтган брифингда ҳуқуқ тизими вакиллари муҳим эпизодни жамоатчиликдан сир тутган. Яъни, педофиллар жазони ўташ учун қамоққа эмас, манзилли колонияга юборилган.
Бундан ташқари, уларнинг дастлабки суддан бери уйларида ўтказган вақтлари жазо муддатидан чегириб ташлангани маълум бўлди.
“Қозиларимиз шу қадар айёр эканки, жамоатчиликни “педофиллар узил-кесил 3 йил қамоқда ўтиради” деган гапга ишонтирган экан. Аслида эса улар бор-йўғи 2 йилдан кўпроқ манзил колонияда ўтиришади, у ердаги барча шарт-шароитлардан фойдаланишади. Биз бекорга шунча бақир-чақир қилибмиз. Педофиллар, педофилия жиноятлари ҳақида гапирган вақтимизни илм олишга сарфлаганимизда, “Султон суягини хорламас”, “Қарға қарғанинг кўзини чўқимас” деган нақлларнинг мағзини чаққан бўлардик”, дейди Абдураҳмон Ташанов.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Хоразмдаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари (3 нафар қиз) 10 ой давомида вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Анвар Қурязов томонидан зўрлаб келингани маълум бўлганди. Хива туман суди уларга нисбатан 1,5 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлаганди. Шунингдек, уларга шароит яратиб берган болалар уйи раҳбари 5 ярим йилга қамалганди. Уч нафар судланувчи ҳукм устидан Хоразм вилояти судига шикоят қилган, лекин апелляция инстанцияси ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.
Сарвар Хуррамов
LiveБарчаси