ХТВ давлат харидлари, давлат бюджетига оид маълумотларни яшириб келмоқда
Жамият
−
07 Май 2022
7746Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун талабларига зид равишда амалга оширилган давлат харидлари, давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобига харид қилиниши режалаштирилган товарлар ҳақидаги маълумотларни яшириб, очиқ маълумотлар порталига жойлаштирмай келмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг кеча, 6 май куни бўлиб ўтган йиғилишида сўз борди.
Унда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ижро этилишини ўрганиш якунлари муҳокама этилган.
Мажлисда вазирлик, унинг таркибий ва ҳудудий бошқармалари томонидан очиқликни таъминлаш йўналишида йўл қўйилган камчиликлар танқид қилинган.
Хусусан, вазирлик 2021 йилдаги фаолиятига оид ҳисоботини жорий йил 1 апрелга қадар жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманини ўтказмаган, вазирлик фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровларни кўриб чиқишнинг умумий натижалари ҳақидаги ахборот эълон қилинмаган, вазирлик фаолиятига оид ахборотлар ахборот-кутубхона ва архив фондларига тақдим этилмаган, вазирликнинг “uzedu.uz” расмий веб-сайтини юритиш ишлари ўз холига ташлаб қўйилган.
Вазирликнинг расмий веб-сайти ҳамда очиқ маълумотлар портали (data.egov.uz)да ҳам очиқ маълумотлар эълон қилинмаган. Жумладан:
• амалга оширилган давлат харидлари, давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобига харид қилиниши режалаштирилган товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисидаги (харид эълон қилинишидан камида 6 ой олдин);
• давлат харидлари ва инвестиция лойиҳалари доирасида ташкил этиладиган харид комиссияларининг харид комиссияси таркибини тасдиқлаш ҳақидаги қарори;
• тасдиқланган йиллик харажатлар сметаси билан бир қаторда, унинг ижроси, шу жумладан объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш ва сақлаш харажатлари;
• хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар;
• вазирликнинг тасдиқланган ярим йиллик ва (ёки) йиллик иш режалари;
• вазирликка доимий фойдаланиш учун берилган ер майдонлари ва бошқа мол-мулкларни давлат-хусусий шериклик асосида олган юридик ва жисмоний шахслар каби маълумотлар.
Бундан ташқари, сенаторлар таъкидлаганидек, Қорақалпоғистон Республикаси Ҳалқ таълими вазирлиги, Андижон, Навоий ва Наманган вилоятлари Халқ таълими бошқармалари ҳамда Республика болалар кутубхонаси, Республика таълим маркази, Инновация, технология ва стратегия маркази веб-сайтлари ишлаб туришига қарамасдан, очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган вазифалар умуман бажарилмаган.
Шунингдек, Тошкент шаҳри, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм, Фарғона ва Тошкент вилоятлари Халқ таълими бошқармалари ҳамда Психологик-педагогик республика ташхис маркази, Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби, “Ўқув-таълим-таъминот” ДУК расмий веб-сайтлари эса ишламайди.
Йиғилишда очиқликка оид қонунчилик талаблари бажарилмаслиги аҳолининг асосли эътирозларига сабаб бўлаётгани таъкидланди.
Қўмита аъзолари Халқ таълими вазирлиги томонидан ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни ўз муддатида эълон қилиб бориши, фаолият очиқлигини таъминлашдаги камчиликларни бартараф этиши лозимлиги қайд этилди.
LiveБарчаси