Хориждаги ўзбекистонлик маҳкумлар мамлакатга қайтарилиши мумкин. Россиядагилар ҳамми?

Таҳлил

image

Ўзбекистон қонунчилигида янгилик – эндиликда айрим хорижий мамлакатларда жиноят содир этиб, қамалган ўзбекистонликлар жазони Ўзбекистоннинг ўзидаги жазони ижро этиш муассасаларида ўташлари мумкин.

13 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. 

Мазкур қонун лойиҳасига кўра, Жиноят-процессуал кодексида хорижий ҳамкорликнинг қуйидаги тартиблари белгиланмоқда:

  • хорижий давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақида Бош прокурор ёки унинг ўринбосари томонидан Олий судга илтимоснома киритилиши;
  • илтимоснома озодликдан маҳрум этилган ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахснинг доимий яшаш жойи бўйича, доимий яшаш жойи бўлмаганда эса, Ўзбекистон ҳудудида охирги рўйхатга олинган жойи бўйича жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан кўриб чиқилиши;
  • маҳкум ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланган шахсни бериш ва қабул қилишга уларнинг қонуний вакили ёки яқин қариндошининг аризасига, шунингдек, Бош прокуратура ёки хорижий давлат ваколатли органининг илтимосномасига биноан берилаётган шахс ёхуд унинг қонуний вакилининг розилиги билан йўл қўйилиши;  
  • маҳкум ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланган шахсни бериш Бош прокурор ёки унинг ўринбосарининг қарори, уларни қабул қилиш эса, суднинг ажримига асосан амалга оширилиши.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди. Аммо бу Россиядаги ўзбекистонлик маҳкумлар ҳам Ўзбекистонга қайтарилишини англатмайди.

Мажлисда таъкидланишича, Ўзбекистон ҳозирча фақат 10 та хорижий давлатлар билан озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш ҳамда руҳий касалликка чалинган шахсларни мажбурий даволашни давом эттириш учун ўзаро топшириш борасида келишувлар имзолаган.

Улар – Италия, Туркия, Грузия, Озарбайжон, Қозоғистон, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Латвия, Туркманистон, Украина. 

Қонун ташаббускорларидан бири бўлган, “Миллий тикланиш” партияси депутати Шерзод Тўхташевнинг QALAMPIR.UZ’га тушунтиришича, бу қонуннинг  Россиядаги ўзбекистонлик маҳкумларга алоқаси йўқ.

“Ҳақиқатдан ҳам буни кўпчилик Россиядаги маҳкумларга тегишли деб ўйлаяпти. Афсуски, ҳозирда Ўзбекистоннинг Россия билан маҳкумларнинг жазони ўз мамлакатида давом эттириш ҳақида икки томонлама шартнома йўқ. Биз бундай шартномани фақат 10 та давлат билан тузганмиз. Агар Россия билан ҳам қўшма шартнома тузиладиган бўлса, биз тузган тартиб бўйича алмашинув амалга оширилаверади”, деди у.

Шунингдек, у Россия қамоқхоналаридаги яқинларини Ўзбекистонга қайтариш бўйича депутатларга кўп мурожаатлар келишини ҳам яшириб ўтирмади.

“Бизга фарзандини, яқинини Россиядаги қамоқхоналардан Ўзбекистонга қайтариш бўйича мурожаатлар келиб туради. Россия билан маҳкумларни алмашиш бўйича шартнома йўқлиги сабаб ҳамма ожиз қоляпти”, деди “Миллий тикланиш” партияси депутати.

Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг очиқлашича, ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг Италияда 20 нафар, Туркияда 250 дан, Қозоғистонда 450 дан ортиқ фуқароси жазони ижро этиш муассасаларида озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтамоқда.

Аммо Россиядаги ўзбекистонлик маҳкумлар сони ҳақида Ўзбекистоннинг тегишли давлат идораларида маълумот мавжуд эмас. Масалан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидаги манбанинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, агентликнинг Россия қамоқхоналарига таъсир қилиш ваколати йўқ. Шу сабабли қамоқхоналарда сақланаётган ўзбекистонликларнинг аниқ сонини аниқлаш ҳам имконсиз.

“Анча йиллардан бери Россия бу ҳақдаги маълумотларни очиқламайди”, деди у.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Ахборот хизмати ҳам Россиянинг жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган Ўзбекистон фуқаролари сони бўйича маълумотлар мавжуд эмаслигини билдирди.

Дарҳақиқат, Россияда жиноят содир этиб қамалган бошқа мамлакат фуқаролари ҳақидаги маълумотлар охирги марта 2017 йилда очиқланган. Унга кўра, ўзбекистонликлар Россиядаги маҳкумлар сони бўйича иккинчи ўринда турган. 2017 йилнинг фақат ярмигача 6362 ўзбекистонлик қамоққа ташланган.  Россиядаги маҳкумлар сони бўйича эса Тожикистон биринчи ўринда туради. 2017 йилнинг олти ойлик маълумотларига кўра, Россия қамоқхоналарида ушбу мамлакатнинг 8002 нафар фуқароси жазони ўтаган.  Кейинги ўринларда украиналиклар – 4761 киши ва озарбайжонлар – 2350 киши.

“Ватандош” минтақалараро ўзбеклар жамиятининг яқиндагина қамоққа олинган раҳбари Усмон Баратовга кўра, Ўзбекистон фуқаролари Россияда ҳақиқатдан ҳам тез-тез жиноят содир этади. Бироқ кўплаб ўзбеклар шунчаки туҳмат қурбони бўлишлари ҳам мумкин.

Ҳулкар Муртазоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Россия Ўзбекистон Олий Мажлис

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг