ХОҚ президентлиги учун номзодлар эълон қилинди
Спорт
−
17 Сентябрь
3247Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) президенти лавозимига 7 нафар номзод кўрсатилди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
Номзодлар орасида Халқаро енгил атлетика федерациялари ассоциацияси раҳбари, британиялик Себастьян Коу, Халқаро гимнастика федерацияси президенти, япониялик Моринари Ватанабе, Халқаро велосипедчилар иттифоқи раҳбари, франциялик Давид Лапартьян бор. Шунингдек, Халқаро чанғи ва сноуборд федерацияси вакили, швециялик Юхан Элиаш ва Халқаро Олимпия қўмитаси вице-президенти испаниялик кичик Хуан Антонио Самаранч, ХОҚ ижроия қўмитаси аъзоси, иорданиялик Файсал ал-Ҳусайн, сузиш бўйича икки карра Олимпия чемпиони, Зимбабве вакили Кирсти Ковентри ҳам президентликка номзодлик қилмоқда.
ХОҚ ахлоқ қўмитаси ҳужжатига кўра, ташкилот раҳбари бутун муддат давомида ўз ваколатини бажариши керак. 67 ёшли Коунинг Бутунжаҳон атлетика раҳбари сифатидаги ваколати 2027 йилда тугайди, шу билан бирга у Халқаро Олимпия қўмитаси аъзолигидан маҳрум бўлади. Бу ҳолатлар британияликнинг ХОҚ раҳбари бўлишига тўсқинлик қилиши мумкин, чунки ташкилот президенти ташкилотнинг тўлиқ аъзоси бўлиши керак.
ХОҚ президентининг тўлиқ ваколат муддати – 12 йил. Коу Халқаро Олимпия қўмитасининг индивидуал аъзоси бўлиши мумкин, аммо Британия ўз квотасига эришди. Шунингдек, ХОҚ президенти сифатида тўлиқ муддат ишлай олмагани сабабли, ҳозирда 64 ёшда бўлган кичик Хуан Антонио Самаранч сайловлар олдидан иштирок этишига рухсат берилмади. Агар сайланса, у 70 ёшга тўлганидан кейин нафақага чиқиши керак бўлиб қоларди.
Халқаро Олимпия қўмитасининг амалдаги раҳбари германиялик Томас Бах ваколат муддати тугаши муносабати билан келаси йили ўз лавозимини тарк этади. ХОҚнинг янги президенти учун сайловлар 2025 йилнинг март ойида Грецияда бўлиб ўтади ва сайланган Олимпия қўмитаси раҳбари июнь ойидан ўз вазифасини бажаришни бошлайди.
LiveБарчаси