Тантана ортидаги муаммолар: Италиядаги Олимпиадада нималар бўляпти?

Таҳлил

image

Бугун, 7 февралга ўтар кечаси XXV қишки Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тарихда илк бор ушбу маросим тўртта асосий ҳудуд – Милан, Предаццо, Ливиньо ва Кортина д’Ампеззо шаҳарларида бир вақтнинг ўзида турли маросим дастурлари билан ташкил этилди. Бироқ очилишнинг бош саҳнаси сифатида Миландаги афсонавий “Сан-Сиро” стадиони танланди. Футбол тарихининг энг машҳур ареналаридан бири ҳисобланган ушбу иншоот Олимпия очилишига мезбонлик қилгани билан ҳам тарихий аҳамият касб этди.

Анъанага кўра, ўтказиладиган спортчилар паради ҳам тантананинг марказий қисмларидан бири бўлди. Унда шорт-трек бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Даниил Ейбог мамлакат делегацияси байроқдори вазифасини бажарди. Даниилдан ташқари, тоғ чанғиси бўйича терма жамоа аъзоси Медет Назаров ҳам Олимпиадада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилмоқда.

Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) маълумотларига кўра, бу йилги қишки ўйинларда тахминан 2916 нафар спортчи иштирок этмоқда. Энг кўп спортчи АҚШ делегацияси таркибида – 235 нафар (жумладан уч нафар захира спортчи). Кейинги ўринда 211 спортчи билан Канада, учинчи ўринда эса 195 спортчи билан мезбон Италия қайд этилган.

Халқаро Олимпия қўмитаси ва ташкилий қўмита бу сафар очилиш маросимини анъанавий – классик саҳналаштириш форматида ўтказишга қарор қилди. Сўнгги ёзги Олимпиада очилишидан фарқли равишда, Милан–Кортина маросими миллий маданият, тарих ва спорт қадриятларига урғу берилган ҳолда ташкил этилди.

Тантанага халқаро миқёсдаги юлдуз санъаткорлар ҳам жалб қилинди. Кечанинг асосий мусиқий меҳмони америкалик поп юлдуз Мэрайя Кэри бўлди. У саҳнага ҳашаматли либосда чиқиб, итальян эстрадасининг рамзий қўшиқларидан бири “Volare”ни ижро этди. Ушбу чиқиш Италия ва глобал поп-маданият уйғунлигини ифодаловчи рамзий эпизод сифатида талқин қилинди.

Шунингдек, опера юлдузи Андреа Бочелли Жакомо Пуччинининг машҳур “Nessun dorma” ариясини ижро этиб, маросимнинг энг ҳиссий лаҳзаларидан бирини тақдим этди.

Маросим режиссёри сифатида италиялик машҳур шоу-продюсер Марко Балич танланди. У Олимпия тарихидаги энг тажрибали саҳналаштирувчилардан бири бўлиб, бугунгача 14 та Олимпия ва Паралимпия очилиш-ёпилиш маросимларида ишлаган. Жумладан, 2006 йилги Турин қишки Олимпиадаси ҳамда 2014 йилги Сочи ўйинлари очилиш маросимлари ҳам унинг ижодий раҳбарлигида ўтган.

Шунингдек, тантанада иштирокчилар сони нисбатан камроқ бўлгани қайд этилди. Айрим манбаларга кўра, бу ташкилий бюджет босими ҳамда инфратузилма тайёргарлигидаги мураккабликлар билан изоҳланмоқда. Шунга қарамай, саҳна кўринишлари дид билан, минимализм ва визуал эстетика уйғунлигида ташкил этилгани эътироф этилди.

Очилиш дастурида Италия маданий мероси кенг ёритилди. Байроқ кўтариш саҳнаси айниқса, томошабинларда катта таассурот қолдирди – миллий ранглардаги нафис либосларда модель аёллар саҳнадан ўтиб, Милан дунё модасининг пойтахтларидан бири эканига ишора қилди.

Маросим давомида машҳур спортчилар, санъаткорлар ва бастакорлар хотирланди. МотоGP афсонаси Валентино Росси номи тилга олинди. Шунингдек, Италия табиати ва Алп тоғлари манзаралари мультимедиа саҳналари орқали намойиш этилди.

Шоу дастурининг иккинчи қисми “Вақт саёҳати” деб номланди. Унда аввалги барча қишки Олимпия ўйинларининг рамзлари, тарихий лаҳзалари ва мезбон шаҳарлари кетма-кет саҳналаштирилди. Бу сегмент Олимпия ҳаракатининг узвий давомийлигини ифодаловчи концептуал блок бўлди.

Маросимда 50 га яқин давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этди. Улар орасида АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ҳам бор эди. АҚШ делегацияси стадионга кириб келаётган пайтда унинг тасвири мониторларда пайдо бўлди ва трибунада турлича, жумладан, норозилик оҳангидаги реакциялар ҳам кузатилди. Айрим делегациялар, хусусан Исроил жамоаси кириб келганида ҳам шовқинли қарши олиш ҳолатлари қайд этилди. Ушбу товушлар телетранслация вақтида баланд мусиқа орқали қисман бостирилгани айтилмоқда.

Маросим якунида Италия Президенти Сержо Маттарелла сўзга чиқиб, 2026 йилги қишки Олимпия ўйинларини расман очиқ деб эълон қилди. Қишки Олимпиада тарихида илк бор Олимпия олови икки шаҳарда – Милан ва Кортина д’Ампеззо шаҳарларида бир вақтнинг ўзида ёқилди.

Ташкилий ва инфратузилмавий муаммолар

Очилиш маросими кўплаб нашрлар ва мутахассислар томонидан ижобий баҳоланган бўлса-да, ташкилий нуқтаи назардан айрим камчиликлар ҳам қайд этилмоқда.

2026 йилги қишки Олимпиада тарихда илк бор икки шаҳар ҳамкорлигида ўтказилмоқда. Мусобақалар Милан ва Кортина д’Ампеззо ҳудудларидаги жами 13 та спорт мажмуасида ташкил этилади. ХОҚ маълумотига кўра, ўйинлар Италия шимолининг қарийб 8 500 квадрат мили (тахминан 22 минг квадрат километр) ҳудудини қамраб олади.
Икки мезбон шаҳар ўртасидаги масофа автомобиль йўли орқали қарийб 400 километр бўлиб, бу йўлни босиб ўтиш учун деярли беш соат вақт талаб этилади. Бу эса мухлислар учун логистика жиҳатидан маълум ноқулайликлар туғдириши мумкин.

Мазкур муаммони юмшатиш учун қурилган айрим инфратузилма объектларида ҳам камчиликлар кузатилмоқда. “L’Equipe” нашри хабарига кўра, томошабинларни мусобақа жойларига олиб бориши режалаштирилган канат йўли қурилиши тўлиқ якунланмаган. Кортинадаги Аполлонио-Сокрепес канат йўли жорий йилнинг 9 февраль кунидан бошланадиган тоғ чанғиси баҳсларига хизмат қилиши керак эди. Бироқ ҳозиргача 50 та кабина ўрнатилмаган, хавфсизлик синовлари ҳам ўтказилмаган.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Хоккей мусобақаларига мезбонлик қиладиган Миландаги “Санта-Жулия” Олимпия аренасида ўтказилган илк синов учрашувида муз қопламасида нуқсон аниқлангани ҳам ташкилий муаммолар борасидаги хавотирларни кучайтирди.

“Калтерн” ва “Варезе” жамоалари ўртасидаги синов ўйини биринчи бўлим ўрталарида тўхтатилди. Бунга дарвозалардан бири олдидаги муз юзасида пайдо бўлган тешик сабаб бўлган. Арена ходимлари шикастланган жойни сув билан тўлдириб, тезкор таъмирлаш ишларини бошлаган пайтда учрашув вақтинча бекор қилинди. Миллий хоккей лигаси (NHL) комиссари Гэри Беттмэн ҳам аввалроқ хоккейчиларни етарли даражада синовдан ўтмаган музда ўйнашга мажбур қилиш мумкинлигидан хавотир билдирганди. Ҳозирга келиб ареналар инфратузилмаси билан боғлиқ асосий муаммолар бартараф этилгани айтилмоқда, бироқ энди эътибор спортчиларнинг соғлиғи билан боғлиқ ҳолатларга қаратилди.

Олимпиаданинг илк кунларидаёқ Финляндия ва Канада аёллар терма жамоалари ўртасидаги хоккей учрашуви норовирус, яъни ичак (ошқозон гриппи) инфекцияси сабаб қолдирилди. Мазкур баҳс “А” гуруҳи доирасида ўтказилиши режалаштирилган эди, аммо тиббиёт мутахассислари билан маслаҳатлашувлардан сўнг уни кечиктиришга қарор қилинди. Маълум бўлишича, Финляндия терма жамоасининг бир неча аъзоларида норовирус аниқланган. Касалланган хоккейчилар машғулотлардан четлатилиб, Олимпия шаҳарчасида изоляцияга олинган.

Шунингдек, Швейцария аёллар терма жамоаси таркибидаги бир ўйинчида ҳам норовирус тести ижобий чиққани тасдиқланди. У Финляндия ҳолатидан фарқли равишда илк ўйиндан олдин эмас, балки битта учрашув ўтказилгач аниқланган. Ҳозирда жамоа аъзолари тиббий назорат остида изоляцияда сақланмоқда. Норовирус қанчалик юқумли экани борасидаги хавотирлар фонида яна бир эпидемиологик ҳолат ҳам қайд этилди. Австралия делегациясида коронавирус инфекциясининг икки ҳолати аниқлангани маълум қилинди. Хабарларга кўра, касалланганлар спортчилар эмас. Улар билан яқин алоқада бўлган делегация аъзоларида вирус аниқланмаган. Бироқ делегациянинг икки аъзоси жорий йилнинг 28 ва 31 январь кунлари COVID-19 билан касаллангани тасдиқланган. Уларда ўткир респиратор вирусли инфекция аломатлари кузатилган ва зарур дори воситалари қабул қилинган.

Техник носозликлар ва хавфсизлик таҳдидлари

Кортина д’Ампеззодаги аралаш жуфтлик кёрлинг турнири вақтида ҳам техник носозлик юз берди. Мусобақа бошланганидан беш дақиқа ўтиб арена тўсатдан электрсиз қолди. Ҳисоб таблоси ва барча электрон тизимлар ишламай қолди. Ўйин қисқа муддатга тўхтатилди, кейинчалик электр таъминоти тикланди. Узилиш сабаби расман очиқланмади.

Хавфсизлик масалалари ҳам кун тартибидан тушгани йўқ. “Deutsche Welle” хабарига кўра, Италия Ташқи ишлар вазири Антонио Таяни вазирликка қарашли бир нечта расмий сайтлар, жумладан, Вашингтондаги дипломатик ваколатхона саҳифаси, шунингдек Олимпиада билан боғлиқ айрим платформалар ва Кортина д’Ампеззодаги меҳмонхоналар сайтларига уюштирилган киберҳужумлар муваффақиятли қайтарилганини маълум қилди.

Ҳужумларда Россияга алоқадор хакерлик гуруҳлари айбланмоқда. Расмийлар бундай уринишлар йирик спорт тадбирлари фонида ахборот ва инфратузилма хавфсизлигини издан чиқаришга қаратилган бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Миланда эса АҚШ Иммиграция ва божхона назорати хизмати (ICE) фаолияти фонида сиёсий норозилик намойишлари ҳам кузатилди. Агентлик фаолиятига нисбатан танқидлар кучайиб, хавфсизлик чораларининг кучайтирилиши атрофида жамоатчилик баҳслари юзага келди.

Шу билан бирга, шундай воқеалар содир бўлаётган бир пайтда Ўзбекистон делегацияси билан ҳаммаси ўз жойида. Делегация томонидан на яшаш шароитлари ёки овқатланиш масалалари юзасидан эътирозлар на спортчиларга яратилган шароитлардан норози эканлиги ҳақида видеомурожаатлар тарқалди. Балки, бунга сабаб бу ёзги Олимпиада эмас, қишки Олимпиада эканлигидир. Балки, Ўзбекистон делегациясида бор-йўғи 2 та спортчи борлигидир. Бир сўз билан айтганда, 4 йилликнинг энг нуфузли қишки спорт мусобақаси энди бошланди. Ҳали олдинда кўп шов-шувли ва қизиқарли ҳолатлар кутиб турибди. Шундай экан, Милан ва Кортина д’Ампеззо Олимпияда ўйинларини QALAMPIR.UZ’да кузатиб боринг.


Мақола муаллифи

Теглар

хоккей Олимпия ўйинлари норовирус Халқаро Олимпия қўмитаси Антонио Таяни “Сан-Сиро” Медет Назаров Даниил Ейбог Кортина д’Ампеззо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг