ХОҚ АҚШ ва Исроил Олимпия сулҳини бузганини маълум қилди
Спорт
−
04 Март 4754 2 дақиқа
Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатлар фонида АҚШ ва Исроил Олимпия сулҳини бузганини маълум қилди. Бу ҳақда ташкилот ўз расмий сайтида эълон қилди.
“Можоралар, бўлинишлар ва фожиалар ҳукм сураётган, одамлар ҳалок бўлаётган бир пайтда ХОҚ спорт умид маёғи бўлиб қолиши кераклигига қатъий ишонади. Спорт дунёни тинч мусобақаларда бирлаштирувчи кучдир. Бу Олимпизмнинг асосий тамойилларидан биридир”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, ХОҚ Олимпия ҳаракати учун бетарафлик тамойили муҳимлигини қайд этган. Ташкилот мураккаб сиёсий шароитда фаолият юритишга мажбур эканини ва глобал воқеаларнинг оқибатларини инобатга олишини таъкидлаган.
“ХОҚ ўз қадриятларига содиқ қолган ҳолда, спортчиларни уларнинг келиб чиқишидан қатъи назар тинч мусобақаларда бирлаштирадиган глобал спорт платформасини сақлаб қолиши керак. Бу дунёда умид уйғотишнинг муҳим шарти”, дейилади ҳужжатда.
Шунингдек, ташкилот БМТ томонидан қабул қилинган Олимпия сулҳини қўллаб-қувватловчи резолюцияни эслатиб ўтган. Бироқ ушбу резолюция декларатив характерга эга бўлиб, мажбурий кучга эга эмас. Унинг асосий мақсади – Олимпия ва Паралимпия ўйинлари иштирокчиларининг мезбон мамлакатга хавфсиз етиб боришини таъминлашдир.
“ХОҚ БМТдаги доимий кузатувчи мақомига эга бўлса-да, резолюция ижросини таъминлаш ваколатига эга эмас. Бу масала тўлиқ БМТ тизими ваколатига киради ва ХОҚ юрисдикциясидан ташқарида. Шу боис, биз БМТга аъзо барча давлатларни 2026-йилги қишки Паралимпия ўйинларига йўлланмасини қўлга киритган спортчиларни қўллаб-қувватлашга чақирамиз”, дея хулоса қилган ХОҚ.
Маълумот учун, Италияда ўтказиладиган қишки Паралимпия ўйинлари расман жорий йилнинг 6 март куни очилади ва 15 март санасига қадар давом этади.
Live
Барчаси