Хитойда вертолёт қулаб тушди. Қурбон бор
Олам
−
03 Май 3608 1 дақиқа
Кеча, 2 май куни Хитойнинг Цзянсу провинциясидаги Сучжоу шаҳри Вужонг туманида вертолёт қулаб тушди. Оқибатда вертолёт остида қолган 1 киши ҳалок бўлди, бортдаги 4 киши жароҳатланди. Бу ҳақда маҳаллий Фавқулодда вазиятлар бошқармасига таяниб, “China Daily” хабар берди.
Бошқарма баёнотига кўра, B-7541 рақамли R44 II русумли вертолёт Вужонг ҳаво ҳудудига қайтаётганда тахминан 10 метр баландликдан ерга қулаб тушган. Ҳалокат оқибатида ерда турган бир киши ҳалок бўлган, бортдаги тўрт киши жароҳат олган.
Воқеа жойига зудлик билан фавқулодда вазиятлар, жамоат хавфсизлиги ва соғлиқни сақлаш хизматлари етиб бориб, жабрланганлар дарҳол шифохонага етказилган. Уларнинг ҳаёти ҳозирча хавф остида эмас.
Ҳалокат сабаблари юзасидан тергов олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида вертолёт Гудзон дарёсига қулаши оқибатида Европа автоматлаштириш компанияси Siemens'нинг Испаниядаги раҳбари Агустин Эскобар, унинг рафиқаси Мерси Кампруби Монтал ва уларнинг 4, 5 ва 11 ёшли болалари ҳамда 36 ёшли учувчи ҳалок бўлганди.