Хитойда 18-қаватдан сакраган қиз тирик қолди

Олам

image

Хитойнинг Чжэцзян провинциясида 20 ёшли қиз севгилиси билан жанжаллашгандан сўнг 18-қаватдаги хонадон балконидан сакраб, омон қолди. Бу ҳақда “South China Morning Post” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳодиса 12 июль куни Сзясин шаҳрида содир бўлган. Сяойи (исми ўзгартирилган) исмли қиз севгилиси билан бир неча соат давом этган тортишувдан кейин балкон орқали пастга сакраган.

Аёл дарахтлар ва буталар устига тушгани сабабли тирик қолган. Уни севгилиси зудлик билан шифохонага олиб борган ва даволаниш харажатлари учун дастлаб 20 минг юань (тахминан 3 минг доллар) тўлаган

Шифокорлар Сяойи бош, ўпка, жигар ва талоқ жароҳатлари олгани, шунингдек, тос суяги, қов суяги ҳамда икки оёғида синишлар борлигини аниқлаган. У икки марта жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган.

Қиз ўзига келганидан сўнг воқеа тафсилотларини айтиб берган. У севгилиси билан аввал ҳам бир неча бор жанжаллашганини маълум қилган. 10 июль куни у муносабатларни тугатмоқчи эканини айтиб, Юньнанга қайтиш учун чипта сотиб олган.

Бироқ кейинги жанжалдан сўнг севгилиси унинг кетишига йўл қўймаслик учун ҳужжатлари ва телефонини яширгани, ҳатто эшикни қулфлаб қўйгани айтилмоқда. Шундан сўнг Сяойи хонадондан чиқиб кетиш учун балкон орқали тушишга уринган.

Ҳозирда қизнинг даволаниш харажатлари 100 минг юандан ошган. Оиласи молиявий қийинчиликларга дуч келгани сабабли оммавий ахборот воситалари орқали ёрдам сўраган. Улар онлайн хайрия платформаси орқали 90 минг юань маблағ йиғишга муваффақ бўлган.

Шунингдек, Сяойи оиласи севгилиси унинг ҳолидан хабар олиш учун келганига қарамай, шифохонадаги палатага киришига рухсат бермаган. Улар бу ҳолат қизга руҳий таъсир қилиши мумкинлигини билдирган. Вазиятга полиция аралашиб, эркакни палатани тарк этишга кўндирган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари аёлнинг йиқилиши билан боғлиқ ҳолатларни ўрганмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Владивосток шаҳрида ҳомиладор аёл кўп қаватли уйнинг еттинчи қаватидан йиқилиб тушганига қарамай, оғир жароҳатларсиз омон қолгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг