Хитойда 158 км магистраль йўл дронлар ёрдамида қурилди
Олам
−
07 Ноябрь
5607Хитой дунёда биринчи бўлиб тўлиқ дронлар иштирок этган йўл қурилишини битказди. Бу ҳақда “Highways Indastry” хабар берди.
Қайд этилишича, 158 километр узунликдаги тезюрар автомагистраль йўл қурилишига жами 10 та ҳайдовчисиз машина ва дронлар жалб этилган. Бу йўл эса Пекин, Гонконг ва Макао шаҳарларини боғлайди.
Лойиҳа нафақат интеллектуал инфратузилма соҳасидаги сезиларли ривожланишни кўрсатади, балки сунъий интеллект, дронлар ва автоном транспорт воситаларининг улкан имкониятларини ҳам намоён этади.
Ушбу кенг кўламли лойиҳа жараёнида кенглиги 20 метр бўлган асфальт ётқизгич, 13 тонна келадиган олтита икки барабанли катка ва 30 тонна келадиган учта резина ғилдиракли каткадан фойдаланилдган. Машиналар илғор алгоритмлар билан бошқарилиб, уларнинг жойлашуви Beidou сунъий йўлдош тизимлари томонидан 1 сантиметр аниқликда кузатиб борилди. Буларнинг барчаси йўлни юқори сифатли ва чидамли қилиб қуришга ёрдам берган.
Лойиҳанинг энг диққатга сазовор жиҳати SAP200C-10 асфальт ётқизиш машинаси бўлди. У дунёда биринчи бўлиб бир ўтишда 19,25 метр кенгликда асфальт ётқизишга муваффақ бўлган. Бу нафақат қурилиш жараёнини тезлаштирган, балки чоклар сонини камайтириш орқали йўл қопламаси силлиқлиги ва яхлитлигини оширган.
Қурилиш хавфсизлигини кўплаб автоматлаштирилган тизимлар назорат қилиб турган. Ҳар бир автоном қурилма бир нечта ҳимоя даражаларини — электрон тўсиқлар, фавқулодда тўхтатиш тизими ва реал вақт режимида тўсиқларни аниқлаш механизмларини ўз ичига олган. Қурилиш майдонидаги тўсиқлар ёки атрофдаги кичик ўзгариш ҳам зудлик билан эътиборга олингани натижасида хавфсизлик энг юқори даражада таъминланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида Хитой армияси қуш шаклидаги разведкачи дронни ихтиро қилганди. Бундан олдин эса Хитой компаниялари Россияга жўнатиш учун Эронда ишлаб чиқариладиган Shahed моделидаги ҳужумчи дронларни тайёрлаб, уларни синовдан ўтказганди.
Жасмина Расулова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь