Хитой Мудофаа вазири порахўрликда айбланмоқда

Олам

image

Хитой Мудофаа вазири Дун Цзюнга нисбатан коррупция айблови бўйича тергов ишлари бошланди. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.

Қайд этилишича, Хитой ҳукумати Дун Цзюнни Хитой Халқ-озодлик армияси раҳбариятини қамраб олган коррупция можароси доирасида текширишни бошлаган ва бу коррупция схемаларини фош қилишга қаратилган кенгроқ текширувнинг бир қисми ҳисобланади. Шу орқали Дун Цзюнь коррупцияда гумон қилиниб, текширилаётган кетма-кет учинчи мудофаа вазири бўлган. У 2023 йил декабрь ойида аввалги вазир порахўрлик айбловлари сабаб ишдан олингач, ушбу лавозимга тайинланган.

“Янги гумонлар Хитойда охирги йилларда амалга оширилаётган коррупцияга қарши курашнинг самарадорлиги ҳақида саволларни юзага келтирмоқда. Мамлакат ҳукумати порахўрликка қарши курашни давом эттирмоқда, армия ва унинг раҳбариятининг обрўсини яхшилашга интилмоқда”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Си Цзиньпин 2012 йилда Хитой Халқ Республикаси раҳбари бўлиб сайланганидан кейин мамлакатда коррупцияга қарши кураш сезиларли даражада кучайган. Сўнгги йилларда коррупцияга қарши кенг кўламли кампания туфайли нафақат оддий давлат хизматчилари, балки юқори мартабали амалдорлар ҳам лавозимларидан маҳрум қилиниб, ҳатто умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунёдаги энг йирик банклардан бири – Bank of China собиқ бошқаруви раиси ва партия қўмитаси котиби Лю Ляньгэ порахўрликда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой Мудофаа вазири порахўрлик Дун Цзюнь

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг