Хитой компаниялари одамсимон роботларни сотишда дунёда етакчи бўлди
Олам
−
11 Январь 3027 2 дақиқа
2025 йилда бутун дунё бўйича етказиб берилган қарийб 13 минг дона одамга ўхшаш (гуманоид) роботларнинг мутлақ кўпчилиги Хитой ишлаб чиқарувчилари ҳиссасига тўғри келди. Бу ҳақда “Omdia” хабар берди.
Хитойнинг Shanghai AgiBot Innovation Technology Co. стартапи ўтган йили 5 168 та робот етказиб берган ва гуманоид роботлар ишлаб чиқарувчилари орасида етакчи ўринни эгаллаган. Ундан кейинги ўринларда Unitree Robotics ва UBTech Robotics Corp. жойлашган. Нашр маълумотларига кўра, соҳадаги глобал савдо ҳажми 2024 йилга нисбатан беш баравардан кўпроққа ошган.
Одамга ўхшаш роботлар бозори ҳали эндигина шаклланаётган бўлса-да, яқин ўн йилликларда унинг жадал ривожланиши кутилмоқда. Ҳозирги босқичда Хитойнинг етакчилик қилаётгани мамлакат учун муҳим устунлик бериши мумкин. Тадқиқотига кўра, 2050 йилга бориб дунёдаги роботлар сони 648 миллион донага етади.
Компания ҳисоботига кўра, роботларга мураккаб вазифаларни бажариш имконини берувчи сунъий интеллект технологияларининг интеграцияси уларнинг ишлаб чиқариш, логистика, соғлиқни сақлаш ва мижозларга хизмат кўрсатиш каби турли соҳаларда қўлланилишини кескин оширган. Робототехника билан шуғулланувчи компаниялар илғор сунъий интеллект моделларига фаол сармоя киритмоқда.
Хитойда ишлаб чиқарилган гуманоид роботлар Ғарб моделларига қараганда анча арзон. Масалан, Unitree компанияси бошланғич даражадаги моделини 6 минг долларга таклиф қилмоқда, AgiBo’ънинг кичиклаштирилган версияси эса 14 минг доллар туради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг етакчи робот ишлаб чиқарувчиларидан бири – UBTech Robotics Corp. компанияси Хитой ва Вьетнам ўртасидаги чегара пунктларига ўз роботларини жойлаштириши ҳақида хабар берилганди.