Хитой адолатли дунё тартиби учун Эрон билан биргаликда курашишга тайёр – Си Цзиньпин

Олам

image

Хитой Эрон билан янада адолатли дунё тартибини таъминлаш учун ҳамкорлик қилишга тайёр. Бу ҳақда кеча, 23 октябрь куни ХХР раиси Си Цзиньпин Қозонда бўлиб ўтган BRICS саммити доирасида Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён билан учрашувда маълум қилди.

Хитой раҳбари Эроннинг BRICS’га аъзо давлатлар раҳбарлари йиғилишида расмий аъзо сифатида илк бор иштирок этишини олқишлади.

“ХХР глобал жанубнинг таъсири ва овозини янада кучайтириш ҳамда халқаро тартибни янада адолатли ва оқилона йўналишда ривожлантиришга ҳисса қўшиш мақсадида BRICS ва бошқа кўп томонлама тузилмалар платформасида Эрон билан ҳамкорликни кучайтиришга тайёр”, деди Си Цзиньпин.

У Эронни минтақа ва дунёда муҳим роль ўйнаган Хитойнинг яхши дўсти ва ҳамкори деб атади.

“Дунёдаги динамик давр ўзгаришлари фонида Хитой-Эрон муносабатларининг стратегик аҳамияти тобора кўзга ташланмоқда”, деди Си Цзиньпин.

У Пекин дунёдаги вазиятдан қатъи назар, Теҳрон билан дўстлик ва ҳамкорликни доимо мустаҳкамлаб боришига ишонтирди.

“Хитой Эронни миллий суверенитет, хавфсизлик ва миллий қадр-қимматни ҳимоя қилишда қўллаб-қувватлайди”, дея қўшимча қилди Си Цзиньпин.

Хитой раҳбари Эроннинг муваффақиятли ижтимоий-иқтисодий ривожланишидан, қўшни давлатлар билан муносабатларини яхшилашдан манфаатдор эканини билдирди. У ўзаро қўллаб-қувватлашга ва унинг асосида ички сиёсатга аралашмасликнинг асосий тамойилини ҳимоя қилишга, шунингдек, ҳар икки давлатнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга тайёрлигини тасдиқлади.

Ўз навбатида, Пезешкиён Хитой Эроннинг ҳамкорликдаги энг муҳим шериги эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, Эрон-Хитой ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари ва турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик барқарор ривожланиш динамикасини сақлаб қолмоқда.

Пезешкиён таъкидлаганидек, Эрон Хитой билан кенг қамровли ҳамкорлик режасини амалга ошириш ва алоқа, инфратузилма ва тоза энергия соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш, нафақат Эрон миллий тараққиётига, балки минтақада тинчлик ва барқарорлик ҳисса қўшадиган янги натижаларга эришиш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни интиқлик билан кутмоқда. Президентнинг таъкидлашича, Эрон томонларнинг асосий манфаатларига оид масалаларда бир-бирини кучли қўллаб-қувватлаш, гегемонлик ва зўравонликка қарши туриш учун Хитой билан ҳамкорликни давом эттиришни кутмоқда.

Пезешкиён Хитойга Эроннинг BRICS ҳамкорлик механизмига расман қўшилишини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди ва Хитой билан BRICS ва бошқа кўп томонлама платформалар доирасида яқин ҳамкорлик қилишга умид билдирди.

Томонлар минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди. Си Цзиньпин Хитойнинг Яқин Шарқдаги мавжуд вазиятдан қаттиқ хавотирда эканини таъкидлаб, ўт очишни тезда тўхтатиш ва Ғазо секторидаги урушни тугатиш минтақавий тарангликни бартараф этишнинг калити эканлигини таъкидлади.

Хитой Халқ Республикаси Раиси таъкидлаганидек, халқаро ҳамжамият иштирок этган томонлар БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларини амалда бажаришини таъминлаш ва минтақадаги вазиятнинг янада беқарорлашишига йўл қўймаслик учун биргаликда ҳаракат қилиши керак.

Маълумот учун, 22-24 октябрь кунлари Қозон шаҳрида Россия Федерациясининг ассоциацияга раислигининг муҳим воқеаси бўлган BRICS’га аъзо давлатлар раҳбарларининг ўн олтинчи саммити бўлиб ўтмоқда. Унда 30 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 октябрь куни Қозон шаҳрида BRICS саммити доирасида турли давлат раҳбарларининг учрашувлари бўлиб ўтган, учрашувлардан сўнг етакчилар учун дастурхон ёзилганди. Кечки овқат менюсига анъанавий татар таомлари киритилган. Хусусан, уларга қистиби – картошка пюреси билан тўлдирилган анъанавий нон, осетрина балиғи ва қўзиқоринли чучвара, шунингдек, қўзичоқнинг димланган оёғи тортилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Хитой Си Цзиньпин BRICS Масъуд Пезешкиён

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг