Халқ таълими вазири узр сўрашга мажбурланган ўқитувчилар билан учрашди

Жамият

image

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Андижон вилоятининг Марҳамат туманида ота-оналар олдида бош эгиб, узр сўрашга мажбур қилинган ўқитувчилар билан учрашди.

Вазир ўқитувчилар билан суҳбатлашиб, бугун уларнинг обрўси ва қадр-қиммати давлат сиёсати даражасидаги муҳим масала эканлиги ва уларни обрўсизлантиришга ҳеч ким ҳақли эмаслигини қайд этган. У юз берган ҳолатни устоз шаънини ерга уриш деб баҳолаган.

“Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ўқитувчиларни улуғлаш масаласини Давлат сиёсатининг энг юқори даражасига олиб чиқиб, ўқитувчи жамиятимизнинг энг ҳурматли инсони бўлиши эканлигини доимий равишда таъкидлаб келмоқда. Шундай экан, ўқитувчини ҳафа қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ўқитувчи қадрланмаган юртнинг эртаси бўлмайди. Шундай экан, бугун ҳар биримиз, ҳаттоки ўқитувчиларнинг ўзи ҳам шаъни ва обрўсини ошириш учун ҳаракат қилиши зарур”, деган Бахтиёр Саидов ўқитувчилар билан учрашувда.

Учрашув сўнгида ўқитувчиларнинг фикрларини тинглаган вазир улар билан маслаҳатлашган ҳолда мазкур ҳолатга йўл қўйган мутасаддиларга албатта чора кўрилишиеи алоҳида айтиб ўтган.

Жорий йилнинг 8 февраль куни Андижон вилояти Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар таълим сифати, ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар олдида бош эгиб, кечирим сўрашга мажбур қилингани ҳақида хабар берган эдик.

9 февраль куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳолатга муносабат билдириб, ўқитувчилардан узр сўради.

Қолаверса, Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов Марҳамат туманида ўқитувчиларни ўқувчиларнинг ота-онасидан узр сўратиш туман ҳокими Бобуржон Йўлдошевнинг ташаббуси бўлганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мактаб ўқитувчилари ва ота-оналар йиғилиши Марҳамат тумани ҳокимидан чиққан ташаббус бўлиб барча мактабларда ўтказишга топшириқ берилган. Шу сабабдан ХТБ бошлиғи туман ҳокимининг мазкур ҳолат бўйича шахсан ўзининг муносабат беришини қатъий талаб қилган.

Қайд этиш жоизки, Халқ таълими вазирлиги Марҳамат туманидаги ҳолат юзасидан ўрганиш натижаларига қонуний баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборган.


Мақола муаллифи

Теглар

ўқитувчи Марҳамат

Баҳолаганлар

264

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг