“Халқ Ғаниев керакмас деяпти”. Сўхликлар Ариповга дардини айтди
Жамият
−
02 Июнь 2020
40354Аввалроқ, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Қирғизистн билан чегара ҳудудида юз берган можаро сабаб Фарғона вилоятининг Сўх туманига боргани ҳақида хабар берган эдик. Ҳукумат раҳбари чегара ҳудида қўшни давлат делегацияси билан учрашишдан ташқари, маҳаллий аҳолининг шикоятларини ҳам эшитди.
Сўхликлар Бош вазирга ўз муаммоларини айтиб, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг фаолиятидан норозилик билдирган. Хусусан, аҳоли яйловлар масаласи адолатсиз ҳал этилаётганидан шикоят қилган.
Вазир халқ ичидан бир одамни кўрсатиб, уни Яйловлар бўйича назорат кенгашининг раиси бўлишини айтганда, аҳоли буни ҳайқириқлар билан қарши олди.
Шундан сўнг, бошқа бир фуқаро чегара муаммо жиддий эканини, Қирғизистон фуқаролари чегарадан ўтиб қолган болаларга тажовуз қилиши ҳолатлар кузатилиб туришини айтиб ўтган. Бундан ташқари, қамалиб қолган аёлларни 20-50 минг доллар бериб қутқариб келишга ҳам тўғри келгани ва бу маълумотлар Бош вазирга етиб бормаган бўлиши мумкиниги таъкидланди.
Фуқаро муаммоларни санаб, халқ маҳаллий ҳокимиятга ишонмай қўйганини маълум қилди. Сўхликлар Ғаниевга ишонмаслигини ва бунинг сабабини айтди.
“Халқ Ғаниев керакмас, деяпти”. Нима учун, биласизми? Халқ Ғаниевни ҳурмат қиларди. Ғаниев мана бу ерга келиб, “керак бўлса Сўхни харитадан ўчиртириб ташлайман”, дебди... Тожикистон билан Қирғизистонга бераман, дебди”, дея вилоят ҳокимидан норозилигини билдирди фуқаро. Атрофда тўпланганлар эса уни қўллаб-қувватлади.
Эслатиб ўтамиз, 31 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара ҳудудидаги аҳоли ўртасида Чашма булоғининг сувидан фойдаланиш устида можаро келиб чиқди. Икки ўртадаги жанжалда Ўзбекистондан 187 киши яраланган, Қирғизистондан 25 киши жабрланган. Бир нечта уйга ўт қўйиб юборилган.
Юз берган тўқнашув бўйича Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов учрашув ўтказиб, тергов ҳаракатини биргаликда олиб боришга келишиб олди.