Халқ билан мулоқотда Туркия Ўзбекистон тажрибасини олганми?
Олам
−
22 Сентябрь 2019
5745Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари жадал тезликда ривожланиб боряпти. Айни шу сабабдан давлатларнинг халқаро майдонда ўзи ҳақида чиқаётган янгиликларни мониторинг қилиб бориши тобора муҳим аҳамият касб этяпти.
“Олтин қалам” XIV миллий мукофоти доирасида Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан тавсия этилган “Туркия ташқи сиёсати ҳақидаги энг яхши материал учун” номинацияси совриндори бўлган QALAMPIR.UZ мухбири Суннатилла Абдуллаев бир гуруҳ ўзбекистонлик журналистлар билан бирга Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлди.
Ўзбекистонлик журналистлар ОАВ кузатуви бўйича Туркия тажрибаси билан танишди. Туркияда ОАВ билан боғлиқ муносабатларга Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Коммуникация бошқармаси жавобгар ҳисобланади.
Туркия Президенти ҳузуридаги Коммуникация бошқармасида меҳмон бўлган ўзбекистонлик журналистлар ташкилотдаги Хабарлар мониторинги марказида ҳам бўлди. Марказда “Мавзу Туркия бўлса, мутлақо хабаримиз бор” шиорининг исботини кўрдик. Мазкур шиор остида Хабарлар мониторинги марказида халқаро майдонда Туркия номи ишлатилган ҳар қандай янгилик, мақола уларнинг эътиборидан четда қолмайди.
Хабарлар мониторинги маркази ҳар куни дунё бўйлаб 35 тилда чиқаётган минглаб медиа маҳсулотларни кузатади, уларни турк тилига таржима қилиб, тегишли давлат идораларига етказади.
Дунёнинг 35 тилида чиқаётган ахборотни мониторинг қилиш анча катта ҳажмли иш. Негаки, инглиз, испан, португал, рус тиллари фақатгина тегишли бўлган мамлакатда эмас, балки бошқа кўплаб мамлакатларда ҳам фойдаланилади. Хабар марказида 120 га яқин ходим 24 соат давомида 3 навбатда ишлайди.
Бундан ташқари 6 кишидан иборат алоҳида гуруҳ мамлакат ҳақидаги турк тилидаги янгиликларни бошқа тилларга таржима қилиш билан шуғулланади. Бу дунё мамлакатларини Туркия сиёсати билан таништиришда муҳим аҳамиятга эга.
Марказда Ўзбекистонда Туркия ҳақида чиқаётган хабарларнинг ҳам кузатиб борилишига гувоҳ бўлдик.
Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Коммуникация бошқармаси халқ билан мулоқот соҳасида ҳам фаолият олиб боради. Бошқарма Ўзбекистондаги Президент қабулхоналари, Бош вазир қабулхоналари ва “Менинг фикрим” жамоатчилик порталига ўхшаш лойиҳаларни йўлга қўйган.
Шу лойиҳалардан бири Президент ҳузуридаги Алоқа маркази (CİMER – Cumhurbaşkanlığı İletişim Merkezi) бўлиб, ҳар бир фуқаро марказга ўз муаммо ва талаби билан мурожаат қилиши мумкин. Коммуникация бошқармаси CİMER орқали йиғилган мурожаатларни жамлаб, тегишли идораларга етказади ва чора кўрилишини назорат қилади.
Марказ 2018 йилда ташкил этилган ва бир йил давомида турли ташкилотлар билан боғлиқ 3 млн 11 минг 90 та мурожаат тушган. Марказ ҳар бир мурожаатга 14 кун ичида жавоб қайтаради. Бу муддат аввал 21 кун бўлган.
Эътиборлиси Ўзбекистонда Президент қабулхоналари 2016 йилда иш бошлаган. 2019 йилдан Президент қабулхоналари янгича тизимда ишлай бошлади. Туркияда бу тажриба 2018 йилдан қўлланила бошланди.
Халқ билан мулоқот бўйича “Ўлкам учун бир фикрим бор” лойиҳаси ҳам амалиётга жорий қилинган. Фуқаролар шу лойиҳа орқали ўз ғоя ва таклифларини билдиради. Коммуникация бошқармаси таклифларни тегишли идораларга етказиб, уларни амалга ошириши имкониятларини ташкилотлар билан биргаликда кўриб чиқади.
Бу лойиҳа шу йил ишга туширилган ва ҳозиргача 40 мингга яқин таклиф олинган.
Ҳар икки лойиҳа ҳам ўз йўналиши бўйича халқаро мукофот ғолиби бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь