Афросиёб поездига тош отиш бўйича неча марта жавобгарлик белгилангани маълум бўлди
Жамият
−
12 Декабрь 2019
7177Жорий йилда Афросиёб тезюрар поездига нисбатан тош отиш ҳолатлари 18 марта содир этилган. Бу ҳақда 12 декабрь куни ИИВ вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида хабар берилди.
Йиғилишда ИИВ Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Абдурашид Алишеров, ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Валижон Хидиралиев, Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Олег Биченов ва вазирлик матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов иштирок этди.
“Жорий йилда бундай ҳуқуқбузарликлар анча камайган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 марта бундай ҳуқуқбузарлик содир этилганини кўриш мумкин эди. Бу бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳар битта хонадонга буклетлар тарқатдик. Лекин шунга қарамай бундай ишлар давом этмоқда”, – дейди вазирлик вакили Валижон Хидиралиев.
Бундан ташқари, мамлакатда бундай ҳолатлар бошқа жойларда ҳам кузатилаётганлиги ҳақида қўшимчалар қилинди.
“Шахрисабз шаҳридан Қарши шаҳрига ҳаракатланаётган автобусга тош отиш ҳоллари бўлган. Натижада автобуснинг катта ойнаси синиб кетган. Бахтимизга туристларга ҳеч нарса бўлмаган. Бу ишда ҳуқуқбузарлар мактаб ўқувчилари бўлганлиги аниқланган. Дарров профилактик чоралар кўрилди, ота-оналари билан гаплашдик”, – дея таъкидлади Абдурашид Алишеров.
Маълумотларга кўра, Транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлинма ходимлари Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйича 31 та маҳаллий йўналишда, 11 та халқаро йўналишда ва 3 та транзит йўловчи поездларда кузатувни амалга оширади.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 21.826.900 нафар йўловчининг хавфсизлиги таъминланган. Шундан 20.983.117 йўловчи маҳаллий йўналишда, шу жумладан, 409.942 йўловчи юқори тезликда ҳаракатланувчи “AFROSIYOB” электропоездида, 679.101 йўловчи ҳалқаро йўналишда ҳамда 164.682 йўловчи транзит поездларида ҳаракатланишган.
LiveБарчаси