“Катта қарздорликни тўламай келган”. “Ўзбектелеком” Humans иши бўйича муносабат билдирди
3-саҳифа
−
05 Июнь 13652 3 дақиқа
Аввалроқ, Ўзбекистонда фаолият юритувчи Humans компаниясининг Сингапурдаги таъсисчиси – Humans Mobile Ltd Ўзбекистон Марказий банки ва “Ўзбектелеком” хатти-ҳаракатлари ортидан халқаро арбитражга шикоят киритганди. Вазият юзасидан “Ўзбектелеком” муносабат билдирди.
Унда қайд этилишича, Humans виртуал оператори “Ўзбектелеком” АК мобил тармоғидан фойдаланиб, даромад топса-да, унинг харажатларини тўлашни ортга суриб келмоқда.
“Ўзбектелеком”нинг билдиришича, Humans виртуал оператори, бошқа мобил операторлардан фарқли равишда, ўз тармоғини яратиш учун сармоя киритмаган. Шунинг учун, у мобил алоқа хизматларини кўрсатишга 2020 йилдан буён шартнома асосида “Ўзбектелеком” АК мобил тармоғидан фойдаланиб келган.
“Баъзи ОАВларда “Ўзбектелеком” АК томонидан Humans операторига нисбатан “бозордаги устун (монополь) мавқесидан фойдаланиб босим ўтказаётганлиги” тўғрисида нохолис ахборотлар тарқалмоқда. Аслида Humans ўз инфраструктурасига эга “Ўзбектелеком” АКдан ташқари бошқа мобил операторлари билан ҳам шартнома асосида хизматларини кўрсатиши мумкин, қонунчиликда фақат “Ўзбектелеком” АК билан мобил инфраструктурадан фойдаланиш керак деб ҳеч жойда белгиланмаган”, дейилади муносабатда.
Шунингдек, “Ўзбектелеком” АК Ўзбекистонда интернет хизматларини арзонлаштириш ва уларни аҳолига янада қулай қилиш бўйича муҳим ишларни амалга ошириб келаётганини, натижада Халқаро интернет каналларининг ўтказувчанлик қобилияти кенгайтирилиши ҳисобига оператор ва провайдерлар учун 1 Мбит/с интернет нархи 2017-2024 йилларда 40 баробарга арзонлаштирилганини билдирган.
“Humans узоқ муддат давомида шартнома мажбуриятларини тизимли равишда бузиб келган, яъни кўрсатилган хизматлар бўйича катта миқдорда қарздорликни тўламасдан келган. “Ўзбектелеком” АК фақат истеъмолчилар ҳуқуқи бузилмасин, улар Humans бўладими, бошқа операторми истеъмолчи тўлаган пулига яраша хизмат олсин деб ўз хизматини давом эттирган”, дейилади “Ўзбектелеком” муносабатида.
Билдирилишича, “Ўзбектелеком” АК мавжуд қарздорликни ундириш ва келгусида компанияга зарарни камайтириш мақсадида тегишли судга даъво аризаси киритган. Жорий йилнинг 8 май куни Тошкент шаҳар иқтисодий суди “Ўзбектелеком” АК томонидан кўрсатилган хизматлар учун қарздорлик юзасидан “Humans” компаниясига нисбатан қарор чиқарган.
Эслатиб ўтамиз, май ойида Humans Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасидан “Ўзбектелеком”га нисбатан монополияга қарши иш очишни сўраганди. Компаниянинг қайд этишича, давлат оператори қарздорлик туфайли Humans учун интернет тезлигини пасайтириб, хизматларга “монополь юқори нарх” белгилаган ва камситувчи шароитлар яратган. Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестицион низоларни ҳал этиш халқаро марказига Ўзбекистонга қарши даъво аризаси киритилгандан сўнг эса Humans Group бош директори ва асосчиси Владимир Добринин арбитраж муҳокамасини инвесторлар ўз манфаатларини инсофсиз маъмуриятчиликдан ҳимоя қилишнинг маданиятли воситаси, деб атаган. Humans суд муҳокамаси “адолатли тартибга солиш тамойилларини мустаҳкамлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга” хизмат қилади деб ҳисоблаб, зарарни қоплашни талаб қилмоқда.
Даъво аризасини беришга Ўзбекистон ва Сингапур ҳукуматлари ўртасида 2003 йил 15 июлда имзоланган ва 2003 йил 23 ноябрдан кучга кирган Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги икки томонлама битим қоидаларининг бузилиши асос бўлмоқда.
Live
Барчаси