Суд Humans’ни банкрот деб топган

3-саҳифа

image

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг Humans иловасига уланган банк карталаридан рухсатсиз ва ҳеч қандай хатти-ҳаракатларсиз пул ечиб олингани ҳақида хабар берилганди. Тошкент туманлараро иқтисодий суди Octobank аризасига биноан Humans компаниясини банкрот деб топди ва унинг фаолиятини тўхтатмаган ҳолда тугатиш жараёнини бошлади. Тегишли қарор 14 октябрь куни судья Б. Султонов раислигида қабул қилинди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжатлари билан танишди.

Қайд этилишича, жорий йил июнь ойида Octobank Humans молиявий хизматини ўз тизимидан узганини маълум қилган. 13 июндан бошлаб Visa ҳамкор карталарига хизмат кўрсатиш тўхтатилган. Банк Humans компаниясидан 500 млрд сўмдан ортиқ қарздорликни ундириш ва етказилган зарарни қоплаш бўйича судга даъво аризаси киритган.

Томонлар 2020 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келган. Octobank шартнома шартларини виждонан бажарган, бироқ “Humans” МЧЖ бир неча бор Humans молиявий хизмати доирасида клиринг операциялари бўйича банк томонидан амалга оширилган пул компенсациясини ўз вақтида қайтаришдан бош тортган ва мукофотни ўз вақтида тўламаган. 

Humans Octobank’га қарши “шартнома мажбуриятларини мунтазам равишда бажармагани” учун қарши даъво қўзғатган.

“Humans Visa карталари эгаларининг мурожаатлари банк томонидан бутунлай эътиборсиз қолдирилган ёки жиддий кечикишлар билан кўриб чиқилган юзлаб қоидабузарликлар қайд этилган. Гап банкнинг асосий операцион тартиб-қоидаларининг яроқсизлиги ҳақида кетмоқда, бунинг натижасида Humans Visa’нинг якуний фойдаланувчилари зарар кўрган”,  дейилади компания хабарида.

13 июнь куни Тошкент туманлараро иқтисодий суди Humans’дан Octobank фойдасига деярли 430 млрд сўм (МБнинг жорий курси бўйича 35,8 млн доллар) ундириш тўғрисида қарор чиқарди:

  • 399,8 млрд сўм асосий қарз;
  • 605,2 млн сўм мукофот пули бўйича қарздорлик;
  • 19,6 млрд сўм пеня;
  • 9,64 млрд сўм давлат божи;
  • 37,5 минг сўм почта харажатлари.

Қарор 2025 йил 14 июлда қонуний кучга киргач, ижро варақаси берилган, бироқ иш ҳужжатларида қайд этилганидек, қарздордан пул маблағларини ундиришнинг имкони бўлмаган.

Иш доирасида суд ва муваққат бошқарувчи қарздорнинг мол-мулки мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар юзасидан тегишли ташкилотларга сўров юборган.

Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг 2025 йил 11 августдаги жавобига кўра, Humans МЧЖ номига иккита автомобиль: 2020 йилда ишлаб чиқарилган  D-MAX IRBIS ва 2019 йилда ишлаб чиқарилган Malibu 2 рўйхатдан ўтказилган.

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси 30 июлдаги хатида жамият номига қимматли қоғозлар – акциялар ва облигациялар рўйхатдан ўтказилмаганини маълум қилган.

Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармасининг 2025 йил 11 августдаги хатига кўра, қарздор номига Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Махтумқули кўчаси, 2б-уй манзилида нотураржой биноси давлат рўйхатидан ўтказилган.

Суд мажлиси банк ва компания вакиллари иштирокида бўлиб ўтган. Кредитор, яъни Octobank вакили, аризани қўллаб-қувватлаб, суддан Humans’ни банкрот деб топишни ва фаолиятини тўхтатмаган ҳолда тугатиш жараёнини бошлашни сўраган.

Суд ишлари бўйича бошқарувчининг маълум қилишича, Humans кредиторлар йиғилишининг 12 августдаги баённомасига кўра, кредиторлар қарздорни банкрот деб топиш, корхона фаолиятини тўхтатмаган ҳолда тугатиш жараёнини бошлаш, шунингдек, Аброржон Мадраҳимовни тугатиш бўйича бошқарувчи этиб тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилган.

У судга қўшимча ҳужжатларни тақдим этиб, қарздорни доимий тўловга лаёқатсиз деб топишни сўраган.

Humans вакиллари кредиторнинг талабларига эътироз билдириб, қўшимча ҳужжатларни тақдим этган ва қарзни тўлаш чоралари кўрилаётганини маълум қилган. Улар суддан аризани қаноатлантиришни рад этишни сўрашган.

Суд Иқтисодий процессуал кодекснинг 210-моддасига ва “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун нормаларига асосланиб, банкротлик тўғрисидаги ишлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган махсус қоидаларни ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқилишини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

банкрот Humans

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг