Humans Ўзбекистонга қарши халқаро арбитражга даъво киритди

3-саҳифа

image

Ўзбекистонда фаолият юритувчи Humans компаниясининг Сингапурдаги таъсисчиси – Humans Mobile Ltd Ўзбекистон Марказий банки ва “Ўзбектелеком” хатти-ҳаракатлари ортидан халқаро арбитражга шикоят киритди. Бу ҳақда Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестицион низоларни ҳал этиш халқаро маркази (ICSID) хабар берди.

Ўзбекистон Марказий банки ҳам Humans Mobile Ltd 2025 йил 20 майда халқаро марказга Ўзбекистонга нисбатан арбитраж жараёнларини бошлаш учун ариза киритганини тасдиқлади.

“Даъвогарнинг аризаси халқаро арбитраж маркази томонидан иш юритувига қабул қилиниб ҳозирда арбитраж низосини мазмунан кўриб чиқишга тайёрлаш босқичида эканлиги билдирилган ҳолда, иш жараёнларидан келиб чиқиб қўшимча тафсилотлар бериб борилиши маълум қилинади”, дейилади Марказий банк хабарида.

ICSID маълумотига кўра, бу даъво 30 май куни марказ томонидан рўйхатга олинган. Жавобгар сифатида Адлия вазирлигининг Ўзбекистон манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш департаменти кўрсатилган.

Даъво аризасини беришга эса Ўзбекистон ва Сингапур ҳукуматлари ўртасида 2003 йил 15 июлда имзоланган ва 2003 йил 23 ноябрдан кучга кирган Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги икки томонлама битим қоидаларининг бузилиши асос бўлмоқда.

Гап шундаки, 2024 йил сентябрида Марказий банк Humans компаниясига тегишли UPay брендига эга Maroqand тўлов ташкилоти фаолиятини 6 ойга чеклаб қўйган, бу эса унинг банк ҳисобварағидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш ва ўтказиш хизматларини чеклаган. Октябрь ойи охирида Марказий банкнинг ўша вақтдаги раиси Мамаризо Нурмуратов Maroqand лицензияси вақтинча тўхтатилганини, чунки у орқали фуқароларнинг пуллари букмекерлик компанияларига ноқонуний ўтказилганини айтган.

Жорий йил 26 март куни эса Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси Maroqand тўлов ташкилотининг айрим операцияларини чеклаш тўғрисида илгари қабул қилинган қарорни бекор қилган. 

Май ойида Humans Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасидан “Ўзбектелеком”га нисбатан монополияга қарши иш очишни сўраган. Компаниянинг қайд этишича, давлат оператори қарздорлик туфайли Humans учун интернет тезлигини пасайтириб, хизматларга “монопол юқори нарх” белгилаган ва камситувчи шароитлар яратган.

Humans Group бош директори ва асосчиси Владимир Добринин арбитраж муҳокамасини инвесторлар ўз манфаатларини инсофсиз маъмуриятчиликдан ҳимоя қилишнинг маданиятли воситаси, деб атаган. Humans суд муҳокамаси “адолатли тартибга солиш тамойилларини мустаҳкамлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга” хизмат қилади деб ҳисоблаб, зарарни қоплашни талаб қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Марказий банк Humans

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг